112 ягона диспетчерлик хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Адлия вазирлигининг тушунтиришича, бу қисқа рақамга фавқулодда вазиятлар рўй берганда шошилинч ёрдам олиш учун қўнғироқ қилиш мумкин.

Қарор билан фуқароларнинг бу турдаги чақирувларини қабул қилиш ва автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш имконини берувчи ягона диспетчерлик хизмати ташкил этилмоқда.

112 ягона диспетчерлик хизмати ИИВ, ФВВ, ССВ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» шошилинч хизматларини маълумотларни узатишнинг ягона тармоғига бирлаштиради.

У республиканинг барча ҳудудлари бўйича шошилинч ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва қайта ишлаш, аҳолига шошилинч ёрдам кўрсатиш фаолиятини бошқаришнинг ягона тизими сифатида ишлайди, дейилади хабарда.

Қарорга кўра, қуйидагилар 112 ягона диспетчерлик хизматининг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • фуқароларнинг чақирувларини қабул қилиш ва автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш, уларга бепул асосда шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатиш;
  • шошилинч ёрдам кўрсатишни бошқариш ва мувофиқлаштириш;
  • вазирлик ва идораларнинг шошилинч хизматлари томонидан фуқароларга ўз вақтида ёрдам кўрсатилиши юзасидан тизимли назорат юритиш;
  • вазирлик ва идораларнинг шошилинч хизматлари ўртасида яқиндан ахборот алмашинуви бўйича тезкор ўзаро ҳамкорликни таъминлаш.

Диспетчерлик хизмати 1 июндан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишга туширилади. Шундан сўнг босқичма-босқич тарзда 2024 йил биринчи ярим йиллигида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида, йил якунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган вилоятларда йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, 112 рақами ишга тушиши ҳақида 2023 йил июль ойида президент йиғилишида айтиб ўтилганди. Ўшанда бу тизим АҚШдаги 911 хизматининг аналоги бўлиши, шу орқали навбатчилик қисмлари фаолияти ҳам тубдан қайта кўриб чиқилиши таъкидланган эди.