Жаҳонгир Азимов Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори этиб тайинланди. Бу ҳақда фонд матбуот хизмати хабар берди.

Азимов 1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2016 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини, 2022 йилда Алабама университетида ижодий журналистика бўйича магистратурани тамомлаган.

Ўқишни тамомлагач, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори идорасида иш бошлаган. 2017 йилда у Ўзбекистондаги биринчи TEDx, TEDxMustaqillikSquare конференциялари ташкилотчиси бўлди. Шундан сўнг Voice of Tashkent`да мустақил муаллиф бўлган, сўнгра Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлигида (2018−2020 йилларда) ишлаган.

Жаҳонгир Азимов 2022 йилдан буён «Газета.uz» нашрида ишлаб келаётганди. Бу ерда у таҳлилий мақолалар ёзди, интервьюлар ўтказди, одамларнинг ҳикоялари билан ўртоқлашди. Худди шу йилдан бошлаб у Тошкентдаги Вебстер университетида дарс бера ҳам бошлаган.

«Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори этиб тайинланишим ўз касбим ва Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари соҳасида ижод қилаётганлар жамоаси олдидаги масъулиятдир. Буларнинг ҳаммаси ушалишига умид қиламан. Қолганини вақт кўрсатади», — деб ёзди Азимов ўзининг Facebook`даги саҳифасида.

Акрамжон Фозилов эса фонднинг васийлик кенгашига раис этиб маъқулланди.

акрамжон фозилов, жаҳонгир азимов, миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди

Фозилов 2022 йил декабрь ойидан шу вақтгача фонд директори сифатида ишлаб келаётганди.