2024 йил учун ҳудудларда электр энергияси ва табиий газни тежаш бўйича режалар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда 30 май куни Шавкат Мирзиёевга олиб кирилган иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар тақдимотида сўз юритилди.

Тақдимотда президентнинг энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича маслаҳатчиси, собиқ энергетика вазири Алишер Султанов, президентнинг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Ғуломов ва энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирок этди.

Жўрабек Мирзамаҳмудов.Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Мақсадлар қаторига «ишлаб чиқаришга халал бермаган ҳолда энергия истеъмолини самарали ташкил этиш орқали муайян ҳажмларни тежаш» киради, дейилади хабарда.

Истеъмолчиларни энергия аудитидан ўтказишнинг янги тартиби жорий этилмоқда. У «фақат халқаро стандартларга мувофиқ» амалга оширилади ва унинг асосида мажбурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Равшан Ғуломов (чапда) ва Алишер Султанов.Равшан Ғуломов (чапда) ва Алишер Султанов.

Шаффофликни таъминлаш учун энергия аудити хулосалари ва ундан кейин эришилган натижалар йиллик бизнес-режаларга киритилади ва кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.

Ҳар бир ташкилот раҳбарларига энергия самарадорлиги бўйича KPI жорий этилади.

Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун амалдаги тарифга ўсувчи коэффициентни қўллаган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилиш, истеъмолчилар томонидан мажбурий энергия аудити ўтказиш натижасида белгиланган чора-тадбирларни муддатида бажарилмаслиги, ушбу чора-тадбирлар бажарилишидан иқтисод қилиниши кутилган ёқилғи-энергетика ресурслари қиймати миқдорида жарима қўллаш тартибини жорий қилиш масаласи ўрганилмоқда.

Яна бир таклиф — ташкилотлар, ҳудудлар ва кўчмас мулк объектлари кесимида энергия истеъмоли рейтингини жорий этиш. Бунда Энергетика вазирлиги томонидан энергия сиғими энг юқори ва энг паст бўлганларнинг «10 талиги» юритилиб, ОАВда ёритиб борилади.

Президент тақдим этилган таклифларни алоқадор вазирлик ва идоралар билан биргаликда чуқур ва пухта ишлаб чиқиш, кўрсаткичларни халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокамасига киритиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинар экан, Шавкат Мирзиёев тайёргарлик ишларини ҳозирдан бошлаш ва барча зарур чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, жумладан, электр ва иссиқлик станциялари узлуксиз ва барқарор ишлаши учун зарур ёқилғи ресурслари, бутловчи ва эҳтиёт қисмларнинг захираларини шакллантириш, энергетика инфратузилмасини таъмирлаш ва модернизация қилиш юзасидан қатор кўрсатмалар берди.