Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан хорижий консультант ва экспертларни жалб этиш жараёнининг шаффофлиги ва самарадорлиги ошиши керак. Шавкат Мирзиёевнинг 29 майдаги «Таркибий ислоҳотларни амалга оширишда экспертлик кўмаги самарадорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қароридан кўзланган мақсад шундан иборат.

Ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиққан президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг Натижаларга эришиш бошқармаси (Delivery Unit) «Газета.uz»га маълум қилишича, айни пайтда вазирлик ва идоралар турли соҳалар — транспорт, озиқ-овқат, давлат корхоналарини трансформация қилиш, макроиқтисодиёт, таълим, маданият, спорт, инновациялар ва бошқа соҳалар бўйича 50 дан ортиқ хорижий консультантларни жалб қилган. Уларнинг жорий фаолиятини таъминлаш учун 50 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан олиб борилган тадқиқотлар «тизимли ечимларни талаб қилувчи бир қатор муаммоларни» аниқлади, дейилади бошқарма хабарида.

Маълум бўлишича, хорижий консультантлар учун аниқ самарадорлик мезонлари (индивидуал мақсадли кўрсаткичлар, ИМК, KPI) мавжуд эмас. Вазирлик ва идоралар томонидан хорижий консультантлар билан тузиладиган шартномаларнинг аксариятида уларнинг фаолиятини баҳолашнинг аниқ мезонлари мавжуд эмас.

Бундан ташқари, вазирлик ва идоралар томонидан хорижий консультантлар тақдим этган ҳисобот ва тавсияларни таҳлил қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаган. «Бир қатор хорижий консультантлар таклиф қилинганига қарамай, уларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича таклифларни йиғиш, таҳлил қилиш ва ишлаб чиқиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмаяпти», — дейилади хабарда.

Хорижий консультантлар фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими ҳам мавжуд эмас: «Амалга оширилган ишлар ва тавсиялар тўғрисидаги ҳисоботлар, ОАВда эълон қилинган мақолалар консультантлар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаши, шунингдек, жамоатчиликни уларнинг фаолиятини мониторинг қилишга жалб қилиши мумкин».

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, таклиф этилган хорижий консультантлар, улар тақдим этган хулоса ва ҳисоботлар ҳақидаги маълумотларни ўз сайтида жойлаштирадиган вазирлик ёки идора деярли йўқ.

Қабул қилинган қарор хорижий консультантлар билан тизимли ишлашни йўлга қўйиш ва натижада таркибий ислоҳотлар суръатини жадаллаштиришга қаратилган. Стратегик ислоҳотлар агентлиги давлат органлари ва ташкилотлари томонидан хорижий консультантлар ва экспертларни жалб этиш жараёнини мувофиқлаштирувчи орган этиб белгиланди.

Жорий этилган тартибга кўра, хорижий консультантлар давлат органи, Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва консультантлар ўртасида тузилган уч томонлама шартнома асосида жалб этилади. Шартнома узайтириш имконияти билан бир йилгача муддатга тузилади.

Шартнома хорижий консультантлар томонидан бажарилиши керак бўлган вазифаларни акс эттириши ва эришиш керак бўладиган KPI`ни кўрсатиши керак.

Буюртмачи давлат органи хорижий консультантлар томонидан бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар тўғрисида далолатнома тузади.

Хорижий консультантлар томонидан бажариладиган ишлар ОАВда, ижтимоий тармоқларда ва давлат органининг расмий сайтида ёритилиши шарт.

Шунингдек, тегишли таклифлар тайёрлаш учун ҳар ойда маслаҳатчилар иштирокида учрашувлар ташкил этилиши керак.

Стратегик ислоҳотлар агентлигининг сайтида амалга оширилган ишлар (ҳисоботлар, таклиф ва тавсиялар) тўғрисидаги маълумотлари билан хорижий консультантларнинг ягона электрон реестри юритилади.

«Қарор, биринчи навбатда, бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан жалб этиладиган консультантларга тааллуқли, бироқ бу грант маблағлари ва халқаро молия институтлари ҳисобидан жалб қилинган хорижий консультантларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги бўйича ҳукумат кутаётган кўрсаткич бўлиб хизмат қилиши мумкин», — дея қайд этди бошқарма.