Хоразм вилоятининг бешта туман ва шаҳрида «шикоятчилар» рўйхатлари тузилиб, уларга 44 нафар фуқаро киритилди. Бу ҳақда ҳудуд аҳолисига таяниб Kun.uz хабар берди.

Бу рўйхатни қайси ташкилот тузгани ва қаерга тақдим этгани ҳозирча номаълум. Фуқаролар ушбу рўйхатни вилоятда сектор раҳбарлари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда кўриб қолган.

Рўйхатда «норози кайфиятни кучайтиришга ҳаракат қиладиганлар, ариза ташкиллаштиришни одат қилиб олган 44 нафар фуқаро» ҳақида маълумотлар бор. Жумладан, рўйхатга Қўшкўпир туманида яшовчи тўрт нафар фуқаро киритилган.

Масалан, фуқаро М.Н. «ўзи билан боғлиқ бўлмаса-да, ўз манфаати йўлида яшаш ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий ва маиший муаммоларни интернет орқали кўтариб чиқади». Яна бир фуқаро Х.Н. эса шунчаки «миннатдорчилик билдиргани» учун рўйхатга киритилган.

Жадвалнинг ёнма-ён жойлашган устунларида профилактика инспекторлари, терговчи ва имом-хатибларнинг номлари кўрсатилган.

Kun.uz бундай рўйхат «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунга зид эканига эътибор қаратди. Қонуннинг 20-моддасига кўра, жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат этгани, шунингдек, мурожаатларда ўз фикрини билдиргани ва танқид қилгани муносабати билан таъқиб қилиш ман этилади.

Бу каби ҳаракатлар содир этганлар Жиноят кодексининг 144-моддаси 2-қисмига асосан БМҲнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.