Ижтимоий тармоқларда 10 апрель куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган «Ашхобод» сайилгоҳига ўрнатилган чархпалакдан 20 мингга яқин шар ёғдирилиши тўғрисида хабарлар тарқалди. Шаҳар Экология бошқармаси матбуот хизмати «Газета.uz»га ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди.

Ташкилотнинг хабар беришича, ўрганишлар натижасида шарлар чархпалакдан эмас, ердан 5 метр баландликда жойлашган темир балкалардан ёғдирилиши аниқланган.

Масъуллар «байрам арафасида табиатга ва атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда ишларни ташкил этиш» тўғрисида огоҳлантирилди, дейилади бошқарма хабарида.

Аввалроқ блогер Жаҳонгир Хўжаев шарлар айнан чархпалакнинг энг юқори қисмидан ёғдирилишини айтганди. Telegram`даги Ekologuz канали эса шоуда ишлатиладиган бир марталик шарлар экологияга зарар етказиши мумкинлигидан хавотирларини билдирган.

«Латекс шарлар жуда узоқ йиллар парчаланади, бу вақт ичида қушлар, қуруқликдаги ва денгиз ҳайвонларининг ҳаётига таҳдид солади», — деб ёзганди лойиҳа.