Ўзбекистонда 2023 йилда давлат ташкилотлари томонидан 3402 дона қимматбаҳо смартфон сотиб олиш учун 289 та ҳолатда жами 6 млрд 637,8 млн сўмлик шартномалар тузилиб, тўловлар амалга оширилган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг таҳлилий ҳисоботига таяниб, Kun.uz хабар қилди.

Қўмитанинг қайд этишича, бюджет ташкилотларининг бу харидлари бош вазирнинг 2023 йил 5 январдаги топшириғига зид равишда рўй берган. Бу топшириққа кўра, вазирлик ва идораларнинг чекланган сони (ташкилий тузилмаси) тасдиқлангунига қадар уларнинг асосий воситаларни харид қилиш билан боғлиқ харажатлари бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши вақтинча тўхтатилиши керак эди.

Шунга қарамай, юқоридаги рақамларга кўра, 2023 йилда давлат ташкилотлари ҳар бир харидда ўртача 12 та смартфонга буюртма берган.

Қўмитанинг ўрганишларига кўра:

  • Қорақалпоғистон Республикасида 796 та уяли алоқа воситаси учун 62 ҳолатда 1 млрд 483,3 млн сўм;
  • Жиззах вилоятида 658 та уяли алоқа воситаси учун 27 та ҳолатда 948,9 млн сўм;
  • Фарғона вилоятида 519 та уяли алоқа воситаси учун 30 та ҳолатда 581,9 млн сўм маблағ сарфланган.

«Мисол учун, Сурхондарё вилояти Саросиё тумани ҳокимлиги томонидан „Баҳруллои Рустам Чорвадор“ хусусий корхонаси билан 4 дона қимматбаҳо смартфон (iPhone 13 Pro Max) сотиб олиш учун захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 72 млн сўмлик шартнома тузилиб, тўловлар амалга оширилган. Шунингдек, Жиззах давлат педагогика институти томонидан „Одилов Абдулҳамид ўғли“ хусусий корхонаси билан iPhone 15 Pro Max сотиб олиш учун электрон савдо платформаси орқали 19,1 млн сўмлик шартнома тузилиб, тўлов қилинган», — дейилган ғазначилик хизматининг ўрганиш натижаларида.

2024 йилнинг ўтган даврида эса маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 301 та уяли алоқа воситасини сотиб олиш учун 60 та ҳолатда жами 1 млрд 362 млн сўмлик шартномалар тузилиб, тўловлар амалга оширилган.

Хусусан, Фарғона вилоятида 146 та турли уяли алоқа воситаси учун 10 та ҳолатда 566,1 млн сўм, Тошкент вилоятида 72 та уяли алоқа воситаси учун 7 та ҳолатда 193,1 млн сўм ва Андижон вилоятида 14 та уяли алоқа воситаси учун 2 та ҳолатда 255 млн сўм пул сарфланган. Мисол тариқасида Андижон вилояти Олтинкўл тумани ҳокимлиги томонидан «Омад-имкон 21» МЧЖ билан 1 дона iPhone 15 Pro сотиб олиш учун 18,5 млн сўмлик шартнома имзолангани келтириб ўтилган.

Ғазначилик қўмитаси тафтиш натижаларини бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга тақдим этган. Вазиятни Молиявий назорат инспекцияси ўрганиши кераклиги бўйича таклиф билдирилган.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистондаги бир қатор давлат идоралари сўнгги ойларда iPhone ва Samsung компаниялари смартфонларини харид қилаётгани ҳақида хабар берганди.

Хусусан, Самарқанд вилояти прокуратураси 2023 йил 28 декабрь куни хотираси 1 ТБ бўлган ва ҳар бири деярли 20 млн сўм турадиган 21 дона iPhone 14 Pro Max телефонларини жами 419,98 млн сўмга сотиб олган. Шунингдек, яна бир iPhone 14 Pro Max 1 ТБ 25,3 млн сўмга харид қилинган. Мажбурий ижро бюроси берган маълумотларга кўра, вилоят прокуратурасининг жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ 10,5 млрд сўм қарзи бор.