2024 йилда ёз илиқ об-ҳаво билан бошланади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Қайд этилишича, ҳарорат кундуз кунлари +28…+33 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда +35…+38 даражагача бўлади, бу ўртача кўп йиллик қийматларга яқин.

Июнь ойининг биринчи беш кунлигида Ўзбекистон бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларда 4−5 июнь кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Ҳарорат кечалари +14…+19, кундуз кунлари +28…+33 даража, баъзи жойларда +35 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +37 даражагача бўлади.

6−10 июнда айрим кунларда (1−2 кун) баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кечалари +14…+19, кундуз кунлари +28…+33 даража, шимолда ва чўл ҳудудларда +35…+37 даражагача бўлади.

Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳарорат асосан кечалари +15…+20, кундуз кунлари +33…+38, жанубда ва чўл ҳудудларда +40 даражагача бўлади. Ойнинг иккинчи ўн кунлигида қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши эҳтимоли кўп.

Тарихда июнь ойлари қандай ўтган?

Одатда, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида июнь ойининг ўртача кундузги ҳарорати +31…+36 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда эса ундан 3−4 даражага юқори бўлади.

Бу ойда максимал ҳаво ҳароратининг рекорд кўрсаткичлари ҳудуднинг катта қисмида +41…+44 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда +45…+47 даражани ташкил этган. Тошкентда июнь ойининг мутлақ максимал ҳарорати +43 даража бўлган.

Мутахассисларнинг айтишича, рекорд қийматларга яқин ҳаво ҳарорати, албатта, жуда кам ҳолларда кузатилади. Ҳарорат +37…+41, жанубда ва чўл ҳудудларда +42…+43 даражагача бўлган айрим жуда иссиқ кунлар деярли ҳар йили июнь ойларида кузатилади. Ҳаво ҳарорати жуда юқори бўлган айрим кунлар эмас, балки иссиқлик даврларининг давомийлиги атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатади.

Инфографика: Ўзгиромет. 2001 -2023 йиллар учун Тошкентда июнь ойида ўртача ойлик максимал ҳаво ҳарорати ва ёғингарчилик миқдори.Инфографика: Ўзгиромет. 2001 -2023 йиллар учун Тошкентда июнь ойида ўртача ойлик максимал ҳаво ҳарорати ва ёғингарчилик миқдори.

2023 йилнинг июнь ойида ҳаво ҳарорати +36…+41 даража атрофида, чўл ҳудудларда ва энг чекка жанубда +43 даражагача бўлган иссиқ об-ҳаво деярли икки ҳафта (5 июндан 20 июнгача) давомида сақланиб турган.

Июнь ойида ҳарорат +25…+28 даражагача пасаяди, баъзида бундан ҳам пастроқ даврлар кузатилади, одатда эса уларнинг давомийлиги қисқа бўлади.

Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихида 2021 ва 2023 йилларнинг июнь ойлари энг илиқ бўлган. Энг совуқ июнь ойлари 20 асрнинг ўрталарида, бу асрда ҳудуднинг катта қисмида 2003 ва 2009 йилларнинг июнь ойларида кузатилган.

Инфографика: Ўзгидромет. 2001−2023 йиллар учун энг илиқ ва энг совуқ июнь ойларида ўртача ойлик ҳароратнинг меъёрдан четланиши.Инфографика: Ўзгидромет. 2001−2023 йиллар учун энг илиқ ва энг совуқ июнь ойларида ўртача ойлик ҳароратнинг меъёрдан четланиши.

Май ойи билан таққослаганда, июнь ойида ёғингарчилик миқдори нисбатан камаяди (2−4 марта), айниқса, жанубда ва чўл ҳудудларда (5−12 марта), бу эса, ўз навбатида, чанг-қумли бўронларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Шу билан бирга, июнь ойида ҳудудлар бўйича ҳамда вақт бўйича ҳам ёғингарчилик нотекислиги кўпаяди.

Экстремал қуруқ ойлар билан бир қаторда баъзи йилларда кучли жала ёмғирли кунлар кузатилади, бунда ёғингарчилик миқдори баъзи жойларда ойлик меъёрга етади, баъзида эса бу қийматдан ошади. Метеорологик кузатувлар тарихида ёғингарчилик миқдори 3−6 ойлик меъёр атрофида, қурғоқчил ҳудудларда эса 8−20 ойлик меъёргача бўлган кучли жала ёғиши фактлари кузатилган.

июнь, об-ҳаво

2019 йил июнь ойида Тошкентда атиги 2 марта ёмғир ёғиши ҳолати кузатилган, аммо бу кунларда ёғингарчилик миқдори июнь ойидаги ойлик меъёрдан ошиб кетган. Тошкентда июнь ойида ёғингарчиликнинг иқлимий меъёри 17 мм ни ташкил этади.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда июнь ойиги жала ёмғирлар кўпинча сел-сув тошқин ҳодисаларининг ривожланишига сабаб бўлади.