Россия президенти Владимир Путиннинг 26−27 май кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи якунлари бўйича 27 та ҳужжат имзоланди, деб хабар қилди Кремль матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг қўшма баёноти, ҳукуматлар ўртасида Ўзбекистонга метрология соҳасида техник кўмак кўрсатиш тўғрисидаги битим, мамлакатларнинг товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга доир қўшма ҳаракатлар режаси, 2024−2030 йилларга мўлжалланган мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлашни ошириш бўйича ишчи гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари режаси шулар жумласидандир.

Томонлар, шунингдек, биргаликда кино ишлаб чиқариш ва аҳолининг санитария-эпидемиологик фаровонлигини таъминлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар ҳамда Балиқчилик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома (2021 йил 17 ноябрь) имзолади.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга (2018 йил 7 сентябрь) ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома, Ўзбекистонда кам қувватли атом станцияларни лойиҳалаш, етказиб бериш ва қуриш бўйича шартнома, «Росатом» билан ҳамкорликда Ўзбекистонда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича келишув имзоланди.

Шунингдек, қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

  • Россия Фан ва олий таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасида илмий тадқиқотлар соҳасида қўшма танловлар ўтказиш тўғрисида битим;
  • Россия Федерацияси Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги ўртасида фитосанитария соҳасида рақамли ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлиги ўртасида «Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети» федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида меморандум;
  • 2025−2026 йилларга мўлжалланган мамлакатлар ўртасида туристлар оқимини ошириш бўйича ҳамкорлик дастури;
  • 2024−2026 йилларга мўлжалланган маданият вазирликлари ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик дастури;
  • 2024−2025 йилларга мўлжалланган карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси;
  • Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида соғлиқни сақлашни ташкил этиш масалалари бўйича режалар баённомаси;
  • тиббиёт мақсадидаги дори воситаларини, тиббий буюмларни ва юқори технологик даволаш усулларини тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
  • Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ўртасида транспорт машинасозлиги соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми;
  • Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ва Ўзбекистон рақамли технологиялар вазирлиги ўртасида авиация тизимлари саноатини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, уларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш самарадорлигини оширишда қўллашнинг ҳуқуқий асосларини ўрганиш бўйича ўзаро англашув меморандуми;
  • Бутунроссия ташқи савдо академиясининг филиалини очиш тўғрисидаги келишув;
  • Сбербанк ва Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ўртасида туризм соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  • Сбербанкнинг Тошкент шаҳрида пилот лойиҳаларини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси;
  • «Газпром нефть» компанияси ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»;
  • Ўзбекистонда устувор лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим;
  • Ўзбекистонда агрологистика марказларни ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги битим.