Ўтган ҳафта Папуа-Янги Гвинея шимолида содир бўлган кўчки оқибатида 2000 дан ортиқ одам тириклайин кўмилиб қолгани тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда Табиий офатларни бошқариш миллий маркази ўзининг БМТга йўллаган мактубида маълум қилди, дея хабар бермоқда AP. Мамлакат ҳукумати расман халқаро ёрдам сўради.

Агентлик маълумотларига кўра, бу кўрсаткич БМТнинг 670 киши ўлганини тахмин қилганидан уч баравар кўп. Ҳозиргача фақат олти кишининг жасади топилган.

БМТ берган баҳо Ямбали қишлоғи ва Энга провинцияси маъмуриятининг ҳисоб-китобларига асосланади, унга кўра, кўчкидан 150 дан ортиқ уй зарар кўрган. Папуа-Янги Гвинея бош вазирининг идораси ҳукуматнинг қурбонлар сони нимага асослангани ҳақида тушунтириш сўраган журналистларга жавоб бермади.

Табиий офат кўламини аниқлаш ердаги оғир шароит, жумладан, қишлоқнинг узоқлиги, телекоммуникациялар етишмовчилиги ва бутун ҳудуд бўйлаб қабилалараро урушлар туфайли қийин кечмоқда, деди агентлик. Шу сабабли гуманитар ёрдам карвонлари ҳарбий кузатувни талаб қилади.

«Вазият ностабиллигича бўлиб қолмоқда, чунки кўчки аста-секин пасайиб, қутқарув гуруҳлари ва омон қолганлар учун доимий хавф туғдирмоқда», — дейилади миллий марказ мактубида. Биринчи экскаватор фожиа жойига якшанба кунига келибгина етказилган.

Энга провинциясида 24 май, жумага ўтар кечаси кўчки содир бўлганди. Камида 150 та уй вайроналар остида қолган. 1250 га яқин одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди. Маҳаллий расмийларнинг таъкидлашича, минтақада аҳоли зич жойлашган ва уларнинг кўпи ёшлар ҳисобланади. Ҳукумат ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги 15 ёшгача бўлган болалар эканидан хавотирда.

АҚШ ва Австралия Папуа-Янги Гвинеядаги қутқариш ва тиклаш ишларида ёрдам беришларини билдирди.