Тошкентда 27 май куни Ўзбекистон ва Россия президентлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин раислигида икки мамлакат Ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати. Унда Россиянинг 30 га яқин ҳудуди раҳбарлари, 300 га яқин етакчи саноат корхоналари ва бизнес вакиллари иштирок этди.

Кенгаш олти йил аввал икки давлат раҳбарлари томонидан йўлга қўйилган Ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича қўшма форум негизида ташкил этилган. Энди унинг мақоми президентлар раислик қиладиган Ҳудудлар кенгашига оширилди.

Ўзбекистон президенти форумни очар экан, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик «юқори самарадорлик» кўрсатаётгани ва «Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга хизмат қилаётганини» алоҳида таъкидлади.

владимир путин, россия, ўзбекистон ва рф ҳудудлари кенгаши, шавкат мирзиёев

У йил бошидан буён барча даражадаги, жумладан, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқалар фаоллашганини қайд этди. Ўтган ҳафтанинг ўзида Ўзбекистон вилоятлари делегациялари Россиядаги ҳамкор ҳудудларга ташриф буюрди.

Айни пайтда ҳудудлар миқёсида умумий қиймати 4 миллиард долларлик 200 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Кенгаш йиғилиши доирасида умумий қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ бўлган янги шартномалар тўплами тайёрланди, деди президент.

Шавкат Мирзиёев шу куни Владимир Путин билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида янги мақсадлар — яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш ва келаси йилда 10 миллиард долларгача инвестиция ўзлаштириш бўйича вазифалар қўйилганини эслатди.

Ўзбекистон президенти минтақалараро ҳамкорликнинг бир қанча устувор йўналишларини белгилаб берди.

1. Аввало, ўзаро савдони кўпайтириш. Сўнгги 7 йил ичида Ўзбекистоннинг Россия билан товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробарга ўсди. Ўзаро етказиб бериш таркиби, энг аввало, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ҳисобига сифат жиҳатидан яхшиланди, деди Ўзбекистон президенти.

Асосий ҳамкорлар қаторида Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари, Татаристон, Москва, Ленинград, Новосибирск, Астрахань, Иваново, Челябинск вилоятлари, Красноярск, Пермь ўлкалари, Бошқирдистон ва бошқалар бор.

Савдо ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун Россияда Ўзбекистоннинг тўлақонли савдо ваколатхонаси очилади, деди Шавкат Мирзиёев.

2. Иккинчи йўналиш — саноат кооперацияси кўламини кенгайтириш.

Ўзбекистонда 3000 дан ортиқ Россия компаниялари фаолият юритмоқда. Энергетика, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, логистика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳаларда лойиҳалар амалга оширилмоқда. Татаристонлик ҳамкорлар билан бирга ишга туширилган Тошкент вилоятидаги «Химград» саноат зонаси кенгаймоқда, Жиззах вилоятида унинг филиали қурилмоқда.

«Қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели 45 миллиард доллардан ошган. Бугунги саммит доирасида кооперациянинг янги лойиҳалари бўйича 20 миллиард долларлик келишувларга эришилди, шундан чорак қисми ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади», — деди Ўзбекистон президенти.

У Россия ҳудудларидаги етакчи корхоналар билан ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш учун янги қўшма саноат зоналарини яратиш режаларини қўллаб-қувватлади.

владимир путин, россия, ўзбекистон ва рф ҳудудлари кенгаши, шавкат мирзиёев

3. Президент учинчи устувор йўналиш сифатида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни қайд этди.

У мева-сабзавот маҳсулотларини Россияга тўғридан-тўғри етказиб беришни ташкил этиш учун Ўзбекистон ҳудудларида агрологистика марказлари тармоғини кенгайтириш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг йирик қишлоқ хўжалиги корхоналари ва қишлоқ хўжалиги кластерлари Россияда улгуржи тарқатиш марказларини ҳамкорликда ривожлантириш ва келгусида Ўзбекистонга етказиб бериладиган экинлар етиштиришдан ҳам манфаатдор, дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

4. Президент ҳудудий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш воситаларини ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, яқин орада бошланғич капитали 500 миллион доллар бўлган қўшма инвестиция платформаси иш бошлайди.

владимир путин, россия, ўзбекистон ва рф ҳудудлари кенгаши, шавкат мирзиёев

5. Маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришга бундан кейин ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ўзбекистонда Россия етакчи университетларининг 14 филиали ташкил этилган, Тошкентдаги Москва ва Санкт-Петербург давлат университетлари, Олмалиқдаги МИСИС Фан ва технологиялар университети, Жиззахдаги Қозон федерал университети ва бошқалар шулар жумласидан.

Ташриф давомида мамлакатда Бауман номидаги Москва давлат техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Маданий ҳамкорлик бўйича уч йиллик дастур қабул қилинди.

6. Ўзбекистон президенти туризм алмашинувини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Сўнгги бир неча йилда россиялик туристлар сони 5 баробарга ошди. Ўзбекистон ва Россиянинг барча йирик шаҳарлари мунтазам авиақатновлар билан боғланган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Россиянинг тарихий шаҳарларига туристик йўналишлар ва саёҳатларни ривожлантириш бўйича янги қўшма дастурлар қабул қилишни таклиф этди.

«Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасида кенг кўламли шерикликни ривожлантириш бўйича ҳамкорликда катта ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, эътироф этиш керакки, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик салоҳияти ва имкониятларининг ярмидан ҳам фойдаланилмаяпти», — деди президент.

владимир путин, россия, ўзбекистон ва рф ҳудудлари кенгаши, шавкат мирзиёев

Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, бугунги кунда РФнинг 89 та субъектидан 78 таси Ўзбекистон ҳудудлари билан ҳамкорлик қилмоқда.

«Мана шундай тўғридан-тўғри алоқалар, вилоятлар ва ҳокимиятлар, ҳудудий бошқарув гуруҳлари, ишбилармон доираларнинг фаол ва ташаббускор биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ўзига хос мазмун билан тўлдирилиб, иштирокчилар сони тобора кенгайиб бормоқда», — деди у.

Унинг аниқлик киритишича, Россия Ўзбекистон ҳудудларидаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш учун аввал эълон қилинган қўшма инвестиция фондига 500 миллион доллардан 400 миллион доллар ажратмоқчи.

«Маблағлар ажратилиб, тайёрланди. Энди фақат техник тафсилотлар қолмоқда. Бу яқин кунларда якунланади. Булар республика иқтисодиёти реал секторининг турли соҳаларига йўналтириладиган маблағлардир», — деди у.

Ҳудудлар кенгаши мажлиси якунида савдо-иқтисодий, илмий-техник ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳудудлараро ҳамкорлик ҳужжатлари ва битимлар тўплами имзоланди, деб хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.