Ўзбекистонлик иқтисодчи Ботир Қобилов АҚШнинг Гарвард бизнес мактабида (Гарвард университети таркибида) фан доктори даражасини олди ва бу билан у мазкур мактабда докторлик даражасини олган биринчи ўзбекистонлик бўлди.

Илгари Ботир Қобилов Гарвард ҳуқуқ мактабининг корпоратив бошқарув дастурида эмпирик ҳуқуқ ва молия соҳасида докторант ва тадқиқотчи сифатида ишлаган.

Гарвардга боришдан олдин у АҚШнинг Дьюк университетида иқтисод бўйича магистр ва Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида бакалавр даражасини олган. Дастлабки фаолиятида Ўзбекистон Марказий банкида бош иқтисодчи бўлиб ишлаган.

ботир қобилов, гарвард, гарвард бизнес мактаби

Ботир Қобиловнинг илмий қизиқишлари янги технологиялар ва янги ахборот манбаларининг молиявий ҳисоботларга таъсири, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, меъёрий ҳужжатларга риоя этиш, инвесторлар билан мулоқот ва қарорлар қабул қилиш масалаларини ўз ичига олади.

Ботир Қобиловнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, докторлик диссертациясининг мавзуси — «Ахборотларнинг ва маълумотларнинг молиявий бозорда ва иқтисодиётда ўрни».

Келгуси режалари ҳақида айтаркан, у Техас штати университетида профессор сифатида ишлашни давом эттирмоқчи эканини билдирди.

Ботир Қобилов «Газета.uz» колумнисти сифатида иқтисодиёт, экология, кутубхоналар, истироҳат боғлари, жамоат транспорти, олий таълим ва бошқа мавзуларда 10 дан ортиқ мақола ёзган. Уларни ушбу ҳаволада топиш мумкин.