Май Ўзбекистон учун кучли ёмғирлар ва улар келтириб чиқарган сув тошқинлари билан эсда қоларли бўлмоқда (10 ва 16 май саналарига қаранг). 24 май, жума куни ҳам Тошкент шаҳрида бир неча соат ёғиб ўтган ёмғирлар яна йўлларни сувга тўлдирди. Бу эса, табиийки, таниш муаммо ва ноқулайликларни келтириб чиқарди.

Ўзгидромет кунлик прогнозида кундузи республиканинг баъзи жойларида, жумладан, пойтахтда вақти-вақти билан ёмғир ёғиши мумкинлигидан огоҳлантирганди ва шундай ҳам бўлди.

Ислом Каримова шоҳкўчасидаги ҳолат («Халқлар дўстлиги» метро бекати яқини). Пиёдалар ўтиш жойида сув тўпланди.

Юнусобод тумани 6-даҳадаги кўп қаватли уйлар ҳовлиларини сув босгани сабабли ҳаракат қийинлашди.

ёмғир, сув босиши, тошкент

ёмғир, сув босиши, тошкент

Махтумқули кўчаси, йўлнинг нотекис қимида бироз сув тўпланган, ёмғирларнинг асосий қисми ариққа қуйилмоқда.

Юқумли касалликлар шифохонаси яқинидаги кичик ҳалқа йўлини ҳам сув босди. Бекатларда йўловчилар автобусга чиқиш-тушишда муаммога дуч келмоқда.

Яна бир шундай ҳолат:

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов пойтахтда бироз кучлироқ ёғингарчилик ортидан доим бир манзилда сув босиш ҳодисалари кузатилишига эътибор қаратди (5 майда ҳам айнан шу йўлни сув босган). «Бу айнан шу ҳудудда дренаж тизимлари мавжуд эмаслиги ёки умуман талаб даражасида эмаслигини англатади», дея таъкидлаган метеоролог

Пойтахтнинг Миробод тумани ҳокимлиги ноқулай об-ҳаво оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилаётганини таъкидлади.

Чилонзорда ҳам Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ирригация ариқлари тозаланди.

Мирзо Улуғбек, Яккасарой, Сергели туманлари ҳокимликлари ҳам сув тошиши ҳолатларига қарши ишлар олиб борилгани ҳақида маълумот берди.

Самарқанд вилоятидаги маҳаллий Telegram каналлар ҳудудларда сув босиш ҳолатлари бўлгани ҳақида хабар бермоқда.

Маълумот учун, 24 май куни Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида ҳам эрталаб баъзи жойларда ёмғир ёғиб ўтди. Фарғона водийси вилоятларида бўлса куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда ёмғир ёғиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти пойтахт ирригация-дренаж тизими объектларини электрон харитага туширган. 2023 йилнинг ёзида мутахассислар ушбу тизим нималардан иборат экани, нега Тошкентни мунтазам сув босаётгани ва мазкур муаммони қандай ҳал қилиш режалаштирилаётгани ҳақида «Газета.uz»га сўзлаб берганди.