Ўзбекистонда содир этган жиноятлари учун қидирувда бўлган шахс Туркиядан Ўзбекисонга депортация қилинди. Бу ҳақда мамлакатнинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар берди.

Туркия ва Ўзбекистон ИИВлари ҳамкорлигида 6 май куни Истанбул шаҳрида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилган. Унда фирибгарлик ва одам савдоси жиноятларини содир этганликда айбланиб қидирувда бўлган Озод Рахимов Садуллоевич (1979 йилда туғилган) қўлга олинган.

Аввал хабар берилганидек, Озод Рахимов Самарқанд вилоятида фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда, шунингдек, Истанбул шаҳрида бўлган даврида 2022−2023 йиллар мобайнида бир қанча Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини Туркия-Испания-Никарагуа-Мексика йўналиши бўйлаб АҚШга юборишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан уларнинг ҳар биридан 10−15 минг АҚШ доллари олиб, ваъдасини бажармасдан, ўзининг шахсий манфаатларига ишлатиб юборганликда айбланмоқда.

23 май куни у Бош консулхона ходимлари иштирокида Ўзбекистонга депортация қилинди. Хабарда ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Бош консулхонага ёки ИИВга мурожаат қилиш сўралади.

Шу билан бирга, кейинги вақтларда АҚШ, Канада ёки Европа давлатларига бориш учун виза расмийлаштириб бериш важи билан фирибгарлик содир этиш ҳолатлари юзасидан мурожаатлар сони ортиб бормоқда, дея қўшимча қилинди хабарда. Бош консулхона фуқаролардан огоҳ бўлишни сўради.