24 май куни соат 08:00 атрофида Тошкент вилояти Тошкент туманида 4 та автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

Қайд этилишича, Келес-Тошкент йўналишида 31 ёшли Toyota Land Cruiser Prado ҳайдовчиси Р.Р. бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Шу пайтда қарама-қарши йўналишда келаётган Cobalt, Damas ва Spark транспорт воситалари билан тўқнашган.

Оқибатда Toyota Prado ағдарилиб тушган, ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Туман ҳокимлигининг қўшимча қилишича, Cobalt ҳайдовчиси ҳам воқеа жойида вафот этган.

Қолган ҳайдовчилар туман марказий шифохонасига олиб борилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.