Yandex Go Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида иш бошлади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Сафар нархи 4000 сўмдан бошланади. Масалан, «Дўстлик» истироҳат боғидан Iceberg кўнгилочар марказига бориш тахминан 5000 сўмга тушади.

Фойдаланувчилар илова орқали борадиган манзилни киритишлари ва тегишли тарифни танлаб, такси буюртма қилишлари мумкин. Иловада автомобилнинг етиб келиш вақти, ҳайдовчи ва автомобиль русуми ҳақидаги барча маълумотлар кўрсатилади. Тўловни нақд пулда ёки иловага уланган банк картаси ёрдамида тўлаш мумкин.

Компания ўзига хос технологиялардан, жумладан, хариталар, навигация ва ақлли буюртма тарқатиш каби тизимлардан фойдаланади.

«Yandex Go Термизда ишга туширилиши минтақа ривожланишига муҳим ҳисса қўшади, чунки бу ерда аввал бу каби онлайн хизматлар мавжуд эмас эди. Замонавий технологиялар одамларнинг ҳаётини қулайлаштиради ва шаҳарни бизнес ҳамда туризм учун жозибадор қилади. Бу, шунингдек, иқтисодиётнинг ўсишини қўллаб-қувватлайди, инвестицияларни жалб қилади ва янги иш ўринларини яратади», — дейди Yandex Тахи`нинг МДҲдаги ривожланиш бўйича директори Кирилл Свинцов.

Хизмат йил охирига қадар мамлакатнинг турли вилоятларидаги шаҳарларда йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Yandex Go Ўзбекистонда 2018 йилнинг апрель ойида ишга туширилган. Ушбу хизмат Термиздан ташқари Тошкент шаҳрида, Наманган, Андижон, Фарғона, Марғилон, Қўқон, Самарқанд, Бухоро, Нукус ва Қаршида ҳам фаолият юритмоқда.