Хитой Халқ озодлик армияси (ХХОА) Тайвань яқинида флот, ҳарбий-ҳаво ва ракета кучларининг қўшма машғулотларини бошлади, деб хабар бермоқда «Синьхуа» ахборот агентлиги.

Машғулотлар расман 23 май куни маҳаллий вақт билан соат 7:45 да бошланган ва 24 майгача давом этиши режалаштирилган. Улар Тайвань бўғозида: Тайваннинг шимоли, жануби ва шарқида, шунингдек, Цзиньмэнь, Мацзу, Уцю ва Дунъинь ороллари яқинида бўлиб ўтади.

ХХОА маълумотларига кўра, машғулотлар денгиз ва ҳаво патруллари, жанговар ҳаракатлар пайтида вазиятни назорат қилиш ва «ҳақиқий жанговар қобилиятларни» синаб кўриш учун аниқ нишонга олишга қаратилган.

ХХОА вакилининг таъкидлашича, икки кунлик машғулотлар «Тайвань мустақиллик кучларининг сепаратистик ҳаракатлари учун қаттиқ жазо ҳамда ташқи кучлар аралашуви ва провокацияларидан қаттиқ огоҳлантириш» вазифасини ўтайди.

Тайвань Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, машғулотларда Хитой ҳарбий-денгиз кучларининг 15 та кемаси, 16 та қирғоқни қўриқлаш кемаси ва 33 та самолёт иштирок этмоқда. Агентлик машғулотларни қоралаб, орол атрофидаги ҳудудларга кучларини юборганини маълум қилди. «Ҳарбий машғулотларнинг бошланиши… нафақат Тайвань бўғозида тинчлик ва барқарорликка ҳисса қўшмайди, балки (Хитойнинг) милитаристик менталитетини ҳам таъкидлайди», — деди вазирлик.

BBC`нинг таъкидлашича, машғулотлар Тайваннинг янги президенти Лай Циндэ лавозимига киришганидан бир неча кун ўтиб бошланган. 20 майдаги инаугурация маросимида Циндэ Хитойни оролга таҳдид қилишни тўхтатишга ва унда демократия мавжудлигини тан олишга чақирди. У, шунингдек, Хитойнинг таҳдидлари ҳеч қачон Тайванни қўрқитмаслигини айтди.

Хитой бунга жавобан «Тайвань мустақиллиги — боши берк кўча», деб жавоб берди.

CNN маълумотларига кўра, Си Цзиньпиннинг қўли остида Хитой Тайванга дипломатик, иқтисодий ва ҳарбий босимни оширган, орол эса АҚШ билан норасмий алоқаларни мустаҳкамлаган.

Хитой 2022 йил август ойида АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайбэйга ташрифидан норозилигини намойиш қилиш учун Тайвань атрофида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказганди. Оролни ўраб олиш бўйича шунга ўхшаш машғулотлар 2023 йилнинг апрелида ҳам ўтказилган, дея аниқлик киритди CNN.