26−27 май кунлари Сеулда Жанубий Корея, Хитой ва Япониянинг тўрт йилдан ортиқроқ вақтдан бери биринчи уч томонлама саммити ўтказади, деб хабар бермоқда Yonhap агентлиги.

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль 26 май куни Хитой бош вазири Ли Цян ва Япония бош вазири Фумио Кисида билан алоҳида икки томонлама музокаралар ўтказади, сўнгра 27 май куни саммит бўлиб ўтади.

Бу Осиё давлатларининг 2019 йил декабридан бери COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган танаффус ва тарихий келишмовчиликлар туфайли Сеул ҳамда Токио ўртасидаги муносабатлар ёмонлашганидан кейинги биринчи уч томонлама саммитдир, деб ёзмоқда агентлик.

Жанубий Корея раҳбари маъмуриятининг маълум қилишича, саммитда томонлар савдо-иқтисодиёт, барқарор ривожланиш, соғлиқни сақлаш, фан-техника, гуманитар алмашинув, шунингдек, табиий офатлар оқибатларига қарши курашиш масалаларини муҳокама қилади.

«Саммит Жанубий Корея, Япония ва Хитой ўртасидаги уч томонлама ҳамкорлик тизимини тўлиқ тиклаш ва нормаллаштириш учун бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилади», — деди Корея президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари Ким Тхэ Хё.

Yonhap агентлигига кўра, Жанубий Корея ва Япония Хитойдан Шимолий Кореядан келаётган ядро ва ракета таҳдидини чеклашда қатнашишни сўраши мумкин, Пекин эса Сеул, Токио ва Вашингтон ўртасидаги уч томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришдан хавотир билдириши мумкин.