Ўзбекистонда Давлат спорт академияси ташкил этилади. Мақсад — айни пайтда пойтахт ва Янги Тошкент оралиғида қурилаётган ва 2025 йилда ёшлар ўртасидаги ёзги Осиё ўйинлари ўтказиладиган Олимпия шаҳарчасидан самарали фойдаланиш.

Пайшанба куни Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган спорт таълимини ривожлантириш ва халқаро мусобақаларни ўтказиш режаларига доир тақдимотда шулар ҳақида сўз борди.

Академияда Жисмоний тарбия ва спорт илмий-тадқиқот институти ҳамда Мутахассислар малакасини ошириш институти ташкил этилади. Шунингдек, академия тузилмасида Спорт тиббиёти илмий-амалий маркази, Ахборот-кутубхона маркази ва Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўқитиш маркази очилади.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб академияда 3 та бакалавриат ва 6 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш бошланади.

Академия битирувчиларига 6 йиллий тренерлик малака сертификати берилади. Олимпия ва паралимпия коллежларидан танланган битирувчилар тўғридан-тўғри иккинчи курсга қабул қилинади.

Президент академиядаги кафедралар фаолиятини ва ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш, юқори малакали мутахассисларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Кураш маҳорат мактаблари

Тақдимотда ҳар бир вилоят маркази ва Нукусда миллий спорт тури бўлган кураш бўйича маҳорат мактаблари очилиши ҳақида ҳам сўз борди.

Мактаб 5−11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган танлов натижаларига кўра 140 нафар ўқувчини ўқишга қабул қилади.

Эълон қилинган маълумотларга кўра, жаҳонда кураш билан 30 миллион киши, Ўзбекистонда эса 30 минг киши профессионал шуғулланади, ҳаваскорлар — бундан ҳам кўп.

давлат спорт академияси

Футзал бўйича жаҳон чемпионати

Бу йил FIFA қарори билан футзал бўйича жаҳон чемпионати Ўзбекистонда ўтказилади. Мусобақа 14 сентябрдан 6 октябрга қадар Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтади.

Турнирда бутун дунёдан 24 та жамоа иштирок этади. Иштирокчи мамлакатлардан нуфузли меҳмонлар ва 30 мингдан ортиқ мухлис келиши кутилмоқда.

Чемпионатни юқори савияда ўтказиш учун бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида ташкилий қўмита тузиш белгиланди.