Сирдарё, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари тегишли органлар билан бирга мансабдор шахсларнинг коррупцион ҳолатларини аниқлади. Telegram’даги Xavfsizlik каналида гумонланувчилар ҳақида видео жойланди.

Аниқланишича, Сирдарё вилоятининг Ховос тумани ҳокими ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи корхонага тегишли ерларни ҳокимлик захирасига олмаслик эвазига 20 минг доллар талаб қилган. Келишувга кўра, мансабдор ерларни суғориш ишларига шароит яратиб бериши ва ташкилот фаолиятига ҳеч ким аралашмаслигини таъминлаши керак бўлган. Бироқ, у минг доллар олган вақтида қўлга олинди.

дхх, коррупция, пора олиш

Тошкент вилоятида кузатилган ҳолатда эса «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ филиалининг бўлим бошлиғи ва муҳандиси келишиб, Қибрай туманидаги қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонани 3 фазали электр тармоғига улаш ва трансформатор ўрнатиб бериш, шунингдек, бошқа техник ҳужжатларини тайёрлашда кўмаклашиш эвазига 39 минг доллар пора талаб қилишади. Муҳандис сўралган пулдан 30 минг доллар олган вақтида ушланди.

дхх, коррупция, пора олиш

Қашқадарёда эса Қарши тумани ИИБ жиноят қидирув бўлинмаси катта тезкор ходими хизмат мавқеидан фойдаланиб жиноятга қўл ургани айтилмоқда. Маълум бўлишича, у ўзининг иш юритувида бўлган терговга қадар текширув материали юзасидан якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этиш эвазига, тамагирлик йўли билан ундан 1500 доллар пора талаб қилган. Мансабдор аввалроқ 400 доллар олиб, яна шунча маблағ олган вақтида қўлга олинди.

дхх, коррупция, пора олиш

Тошкент шаҳрининг Сергели тумани ИИО ФМБ 2-сонли ички ишлар бўлими профилактика инспектори 5 минг долларни пора сифатида олган вақтида ушланди.

Аниқланишича, у пул эвазига, ўзаро жанжал оқибатида хорижлик фуқарога тан жароҳати етказгани бўйича маҳаллий фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатмасдан, ҳолатни маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида малакалашни ваъда қилган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди. Мазкур шахслар эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинди.