Жаҳон метеорология ташкилотининг (ЖМТ) янги ҳисоботида айтилишича, Осиё 2023 йилда об-ҳаво, иқлим ва гидрологик хавф-хатарлар билан боғлиқ офатларга энг кўп мойил минтақа бўлган.

«Ҳисобот натижалари хавотирланарли. Минтақадаги кўплаб мамлакатларда 2023 йил тарихдаги энг иссиқ йил бўлди ва у қурғоқчилик ва жазирама тўлқинлардан тортиб сув тошқинлари ва бўронларгача бўлган экстремал ҳодисалар тўлқини билан бирга келди. Иқлим ўзгариши жамиятлар, иқтисодлар ва, энг муҳими, одамлар ҳаёти ва биз яшаётган муҳитга чуқур таъсир кўрсатувчи бундай ҳодисаларнинг частотаси ва интенсивлигини оширди», — деб ёзган ЖМТ бош котиби Селеста Сауло ҳисобот сўзбошисида.

Ҳарорат

ЖМТ маълумотларига кўра, 2023 йилда Осиёда йиллик ўртача сирт ҳарорати рекорд даражадаги иккинчи ўринни эгаллаган, бу 1991−2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 0,91 даражага ва 1961−1990 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 1,87 даражага юқори.

Айниқса, Ғарбий Сибирдан Ўрта Осиёгача ва Шарқий Хитойдан Япониягача ўртача юқори ҳарорат қайд этилган. Япония ва Қозоғистонда йил рекорд даражада иссиқ бўлган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Осиёда яққол исиш тенденцияси 20-асрнинг иккинчи ярмида юзага келган. Минтақа глобал ўртача кўрсаткичдан тезроқ исимоқда ва унинг даражаси 1961−1990 йилларга нисбатан деярли икки баравар ошган.

Ёғингарчилик

Ёғингарчилик — ичимлик ва маиший эҳтиёжлар, қишлоқ хўжалиги, саноат ва гидроэнергетикани сув билан таъминлаш учун зарур бўлган асосий иқлим параметри. Ёмғирнинг ўзгариши ҳам қурғоқчилик ва тошқинларга олиб келади, деб тушунтиради ЖМТ.

2023 йилда Турон пасттекислигининг аксарият қисмида (Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон), Ҳиндукушда (Афғонистон, Покистон), Ҳимолай, Ганг дарёси минтақасида ва Осиёнинг бошқа ҳудудларида ёғингарчилик нормадан паст бўлган.

Шунингдек, Хитойнинг жануби-ғарбий қисмида ўтган йил давомида деярли ҳар ойда ёғингарчилик меъёридан кам бўлган, бу эса қурғоқчиликка олиб келган.

Музликлар

Музлик массаси минтақавий ҳарорат, ёғингарчилик ва сирт радиациясининг ўзгаришига сезгир ҳисобланади. Музликларнинг эриши, ўз навбатида, денгиз сатҳига, минтақавий сув айланишига ва музлик кўлларининг портлаши каби маҳаллий хавфларнинг пайдо бўлишига таъсир қилади, дейди ЖМТ.

Юқори тоғли Осиё — бу Тибет платосида жойлашган ҳудуд бўлиб, у қутб минтақаларидан ташқарида энг катта муз ҳажмини ўз ичига олади, музликлар тахминан 100 минг квадрат километр майдонни эгаллайди. Ҳисоботда айтилишича, сўнгги бир неча ўнйилликда бу музликларнинг аксарияти тез суръатлар билан чекинмоқда.

Юқори тоғли Осиё ҳудудида кузатилган 22 та музликдан 20 таси массасини йўқотишда давом этган. Вазият Шарқий Ҳимолайда рекорд даражадаги юқори ҳарорат ва қуруқ шароитлар туфайли янада оғирлашган. 2022−2023 йилларда Шарқий Тянь-Шандаги Урумчи №1 музлигида 1959 йилда кузатувлар бошланганидан буён иккинчи йирик салбий масса баланси қайд этилган.

Экстремал ҳодисалар

Халқаро фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги маълумотлар базаси (EM-DAT) маълумотларига кўра, 2023 йилда Осиёда қайд этилган гидрометеорологик хавфларнинг 80 фоизидан ортиғини сув тошқинлари ва бўронлар ташкил этган, дейилади ҳисоботда.

Ўтган йил давомида Тинч океанининг шимоли ва Жанубий Хитой денгизининг ғарбий қисмида 17 та тропик циклон пайдо бўлган. Бу ўртача кўрсаткичдан паст, бироқ Хитой, Япония, Филиппин ва Корея Республикаси каби мамлакатларда кучли таъсирлар ва рекорд даражадаги ёғингарчилик кузатилди, таъкидланади ҳисоботда.

2023 йилда қайд этилган ҳодисаларда ўлимнинг асосий сабаби тошқинлар бўлган. Июнь, июль ва август ойларида Ҳиндистон, Покистон ва Непалда сув тошқинлари ва бўронлар 600 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган. Жанубий Кореяда кучли муссон ёмғирлари ва бўронли об-ҳаво туфайли юзага келган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлган.

Ноябрь ойида кучли ёмғир Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Уммон ва Қатарда сув тошқинларига сабаб бўлган. Уммонда сув тошқини оқибатида 19 киши ҳалок бўлган.

Ўтган йили Осиёнинг кўплаб ҳудудларида ҳам экстремал ҳарорат кузатилган. Япония тарихидаги энг иссиқ ёзни бошдан кечирган. Хитойда ёзда ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилишининг 14 та ҳолати қайд этилган, миллий метеостанцияларнинг қарийб 70 фоизи ҳароратни 40 даражадан ошиб кетганини қайд этган, 16 та станция эса ҳарорат рекордини янгилаган.

Ҳиндистонда апрель ва июнь ойларида кучли жазирама 110 га яқин одамнинг ўлимига сабаб бўлган. Қозоғистонда 14 киши ўрмон ёнғинлари қурбони бўлган.