21 май куни Ўзбекистоннинг умумий қиймати қарийб 1,5 млрд долларига тенг навбатдаги суверен халқаро облигациялари жаҳон молия бозорларида жойлаштирилди, дея хабар берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Мамлакат илк бор 3 та валютада облигациялар чиқаргани таъкидланган. 17 май куни АҚШ, Буюк Британия, Германия, Дания ва БАА каби давлатлардан 76 нафар инвестор билан видеоконференция ҳамда 20−21 май кунлари 40 нафар йирик инвестор билан яккама-якка форматда учрашувлар бўлиб ўтган.

Учрашувларда халқаро инвесторларга Ўзбекистон президенти раҳбарлигида «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида олиб борилаётган таркибий ислоҳотлар ва макроиқтисодий ҳолат юзасидан батафсил маълумот берилган.

«Халқаро инвесторлар томонидан дунёда давом этаётган мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик сақланаётгани, энергия тарифлари, хусусийлаштириш ва бошқа таркибий ислоҳотларнинг амалий жиҳатдан жадаллашгани ижобий баҳоланди», — дейилади хабарда.

Учрашувлардан сўнг 21 май куни 3 та валютада, жумладан, АҚШ долларида 7 йиллик, еврода «Барқарор ривожланиш мақсадлари»ни молиялаштириш учун 3 йиллик ҳамда Ўзбекистон миллий валютасида суверен халқаро облигацияларини жойлаштириш бўйича буюртмалар қабул қилиниши эълон қилинган.

Кун давомида Ўзбекистон суверен халқаро облигацияларини сотиб олиш учун жами 5,5 млрд доллар миқдоридаги буюртмалар келиб тушган, жумладан:

  • АҚШ долларидаги (7 йиллик) облигацияларга — 3 млрд доллар;
  • евродаги (3 йиллик) облигацияларга — 2 млрд евро;
  • сўмдаги (3 йиллик) облигацияларга — 4 трлн сўм.

Қабул қилиб олинган буюртмалар асосида қуйидаги миқдордаги облигациялар жойлаштирилган:

  • 600 млн долларлик 7 йиллик облигациялар бўйича купон ставкаси 6,9 фоиз;
  • 600 млн евролик 3 йиллик облигациялар бўйича 5,375 фоиз;
  • 3 трлн сўмлик 3 йиллик облигациялар бўйича 16,625 фоиз.

Вазирлик ички молия бозорларида чиқарилган 3 йиллик давлат қимматли қоғозлари бўйича фоиз ставкаси 17,9 фоизни ташкил этаётганини эслатиб ўтган.

«Қайд этиш лозимки, евродаги суверен халқаро облигациялар Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) молиялаштириш учун ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси БРМ облигациялари дастури доирасида чиқарилди. Мазкур дастур „Маблағларни тақсимлаш“ ва „Лойиҳаларнинг Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига таъсири“ бўйича ҳисоботларини тайёрлаш ва эълон қилишни ҳам кўзда тутади», — дейилади хабарда.

Бу халқаро облигациялардан тушган маблағ Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш учун йўналтирилади.