Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Тошкент товар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ёқилғи ташиш машинасини ҳужжатларда «оғирлаштириш» орқали 791 миллион сўмлик божхона имтиёзларини ўзлаштиришга уриниш фош қилинди, дея хабар қилмоқда Божхона қўмитаси.

Қайд этилишича, автотранспорт воситаларининг рухсат этилган массаларига кўра, икки ўқли транспорт воситасига тушувчи оғирлик 18 тонна қилиб белгиланган. Аммо, ушбу ҳолатдаги транспорт воситаси икки ўқли бўлсада, ҳужжатларда унинг юк кўтариш қобилияти тўла вазни билан ҳисоблаганда 20 тонна 640 кг деб кўрсатилган.

Амалдаги тартибларга кўра, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган, юк билан ҳисоблаганда тўлиқ вазни 20 тоннадан ошадиган махсус ва юк транспорт воситалари 2025 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан озод этилган.

Айни шу имтиёздан фойдаланиш орқали мазкур транспорт воситаси эгаси ҳам давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 791 миллион сўмлик божхона тўловларини тежаб қолмоқчи бўлган.

Божхона кўриги давомида транспорт воситасига мазкур божхона имтиёзларини қўллаб бўлмаслиги аниқланди ва буни Хадича Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси маркази экспертлари ҳам тасдиқлашди.

Ҳолатда бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 227-моддасида (Божхона назорати зонаси режимининг бузилиши) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари билан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди ҳамда суриштирув ҳаракатлари бошланди.