22 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича таклифлар билан танишган Шавкат Мирзиёев Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» давлат муассасаси лойиҳа офисини ташкил қилиш бўйича таклифни маъқуллади.

Лойиҳа офисининг вазифалари:

  • давлат тиббий суғуртаси тизимини ҳамда давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетини тўлиқ жорий этиш;
  • тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги устидан назорат тизимини кучайтириш,
  • кадрлар салоҳиятини ошириш;
  • тиббий таълим тизими ва илм-фан соҳасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш каби йўналишлардан иборат.

Бу марказ рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш, хусусий секторни кенгайтириш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш, фармацевтика соҳасини ислоҳ қилишга кўмаклашади.

ССВ раҳбари Асилбек Худаяров. Фото: Президент матбуот хизматиССВ раҳбари Асилбек Худаяров. Фото: Президент матбуот хизмати

Лойиҳа офисида ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассислари, шунингдек, хорижий эксперт ва маслаҳатчилар шартнома асосида ишлаши мумкин.

Соғлиқни сақлаш соҳасида етук кадрлар масаласини ҳал қилиш учун Тошкент тиббиёт академиясининг таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилади.

Унда жамоат саломатлиги, профилактик тиббиёт, жисмоний фаоллик ихтисосликлари бўйича магистрлик йўналишлари очилади. Тиббиёт йўналишидаги талабалар билими халқаро тан олинган тизим асосида, икки босқичда давлат имтиҳонлари орқали баҳоланади.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб, ҳудудлардаги эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт олийгоҳларининг 200 нафар битирувчиси магистратура ва клиник ординатура дастурлари асосида етакчи хорижий таълим муассасаларида ўқитилади.

Шунингдек, ихтисослаштирилган хирургия, кардиология, эндокринология, дерматовенерология ва косметология марказлари, Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда Миллий тиббиёт маркази халқаро аккредитациядан ўтказилади. Жорий йилда амалдаги 40 та санитария қоида ва нормалари қайта кўриб чиқилиб, халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади.

Президент таклифларни маъқуллаб, уни бажариш учун «йўл харитаси»ни тасдиқлаш бўйича топшириқ берди.