3−17 май кунлари Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ва Франциянинг Миллий мерос институти (Institut National du Patrimoine) Тошкентдаги Ўрол Тансиқбоев уй-музейида рассомнинг 18 та асарини реставрация қилиш бўйича қўшма дастурни амалга оширди. Бу ҳақда лойиҳани амалга оширишда ёрдам берган Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.

Ишга Патрисия Вергес ва унинг ҳамкасби, рангтасвир бўйича консерватор-реставратор Клаудия Синдако илмий раҳбарлигида Миллий мерос институти вакиллари, шунингдек, Игор Савицкий номидаги давлат санъат музейи реставрация бўлими ходимлари жалб қилинди.

«Иш давомида биз асарлар сақланаётган музей биноси ва уларнинг доимий кўргазма ва тўплам жилдларидаги муҳофаза шартлари хусусида холис баҳо беришга муваффақ бўлдик. Бундан ташқари, бешта кенг миқёсли мато суратлар ва картонга ишланган иккита эскизнинг реставрация ишлари олиб борилиб, ҳошия тахтачалари янгиланди. Қайта тикланган асарлар музей экспозициясига қайтарилади», — деди Патрисия Вергес.

Қўшма дастур Golden House юксалиш компанияси кўмагида амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова Ўзбекистонда реставрация мактабини ривожлантириш, маданий меросни асраб-авайлаш бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлган музей ходимларининг янги авлодини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади.