Ўзбекистонга 2023 йилда хориждан 7 миллионга яқин турист келди. Бу ҳақда 21 февраль куни VII «Ўзбекистон гидлари форуми»нинг очилиш маросимида Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Таъкидланишича, уларнинг Ўзбекистонда қолиш муддати ўртача тўрт кунгача узайган, бу 2022 йилга нисбатан 1,3 баробарга кўп дегани.

«Сўнгги икки йилда қўшни мамлакатлардан ташқари, Араб давлатлари ва Хитойдан туристларнинг келиши камида тўрт баробарга ошди», — деди қўмита раиси.

Унинг қайд этишича, 2023 йилда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастурига асосан, ҳудудларга 21 млн маҳаллий сайёҳ ташрифи ташкил этилди.

«Таҳлилларга кўра, ўтган йили 810 та янги туроператор ва турфирма фаолияти йўлга қўйилди. Туризм ва унга ёндош соҳаларда 70 мингта янги иш ўринлари яратилди. 183 та та меҳмонхона, 215 та ҳостел, 356 та оилавий меҳмон уйи ишга тушди. Жойлаштириш воситалари 5477 тага, ўринлар сони эса 142 минг 720 тага етди», — деди Умид Шадиев.

Статистика агентлигининг маълумотларига кўра эса 2023 йилнинг январь-декабрь ойларида 6,6 млн нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 1,4 млнга ёки 26,6 фоизга ошган.

2023 йил давомида энг кўп ташриф Тожикистон (2 млн 155,2 минг), Қирғизистон (1 млн 757,1 минг) ва Қозоғистон (1 млн 333,3 минг нафар)дан бўлди. Сайёҳ сифатида Россиядан 714,3 минг киши келган бўлса, Туркиянинг кўрсаткичи 106,5 минг нафарни ташкил этди.

Аввалроқ экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонга 2024 йилда 10 миллион хорижлик сайёҳ келиши кутилаётгани, мустақил халқаро ташкилотлар мамлакатдаги туризмни ривожлантириш ҳолатини барқарор деб баҳолаётганини таъкидлаган эди.