АОКАда 14 февраль куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Миллий гвардия мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирдан сўнг «Газета.uz» мухбирига интервью берган вазирлик расмийси мунтазам равишда мактабга бормаётган ўқувчилар, бунинг сабаблари ва ота-оналарга нисбатан қўлланаётган чоралар ҳақида гапирди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Азамат Камоловнинг айтишича, баъзи ота-оналар фарзандини хорижга олиб чиқиб кетиши ёки уларни назоратсиз қолдириши оқибатида мактабга муттасил бормайдиган ўқувчилар қатлами шаклланган.

мактабгача ва мактаб таълими, таълим, ота-оналар

Азамат Камолов. Фото: АОКА

«Ўзбекистонда умумий ўрта таълим мажбурий таълим ҳисобланади. Биз сурункали дарс қолдирувчи ўқувчилар бўйича ўрганишлар олиб борганимизда айрим ота-оналар „уч кунлик сафар“, „даволанишга кетяпмиз“ деган турли сабабларни кўрсатиб, фарзандини хорижга олиб чиқиб кетган ҳолатлар аниқланди. Натижада бола сурункали равишда мактабга келмайди. Аслида, ота-она вояга етмаган, аниқроғи, мактаб ёшидаги фарзандини хорижга таътил вақтида олиб чиқиши ва бундан мактаб маъмуриятини хабардор қилиши керак. „Ўқиб олим бўлармиди? Мен билан бирга ишлаб, оиламиз иқтисодига кўмаклашади“ деган қарашлар билан фарзандини дарс вақтида мактабга эмас, ишлашга жалб қилаётган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Шунингдек, ота-она назорат қилмаслиги оқибатда уйдагиларга „мактабга кетдим“, деб интернет-кафе ёки бошқа кўнгилочар жойларда вақт ўтказадиган ўқувчилар борлиги ҳам аниқланмоқда. Мана шу каби жараёнларда ўқувчиларни таълимга қайтариш, оилалар ва ота-оналар билан ишлаш бевосита инспектор-психологлар (Миллий гвардиянинг мактабларга бириктирилган ходимлари назарда тутилмоқда — таҳр.)нинг зиммасига юклатилган», — деди у.

Вазирлик вакили «Таълим сифатидан қониқмай, мактабга эмас, репетиторга бораётган ёки синфхоналар совуқлиги, йўлларнинг абгор аҳволдалиги сабаб дарсларда иштирок этмаётган ўқувчилар бўйича ҳам таҳлиллар мавжудми?» деган саволга қуйидагича жавоб берди:

«Кузатув таҳлилларимизга кўра, репетиторга, асосан, 10−11-синф ўқувчилари хорижий тилларни ўрганиш ёки олий ўқув юртига киришда бўладиган тест синовларига доир фанлардан тайёрланишга боряпти. Тўғри, ўқувчиларнинг мактабга мунтазам келиши, давоматнинг яхши бўлиши таълим сифатига ва жозибадорликка ҳам боғлиқ. Бугунги кунда таълим сифатини яхшилаш борасида ишлар қилинмоқда. Мактабларда ҳам инглиз тили дарслари ўтиляпти. Лекин ўқувчи ота-онанинг маблағини олиб, ўқув марказига бориб, қўшимча ўрганяпти. Мана шу каби муаммоларни ҳал қилиш учун ўтган йили 500 нафар хорижий тил мутахассислари чет элдан олиб келинди. Улар Республика бўйлаб турли мактабларда хорижий тилни ўқитмоқда, барчасининг яшаш жойи, маоши давлат томонидан қопланмоқда. 2024−2025 ўқув йилидан бошлаб чет тилини ўргатиш учун хориждан яна 1,5 минг нафар малакали мутахассис олиб келинади. Бу эса ўқувчиларнинг ўқув марказларига боришининг олдини олади. Давлат мактабларда умумий ўрта таълим учун ҳаммага тенг шароитни яратди. Айрим ижтимоий муаммолар, албатта, маҳаллий ҳокимликлар кўмагида ҳал бўлади. Бу масалалар сабабли ўқувчи дарсга келмаса, инобатга олинади», — деди вазирлик бошқарма бошлиғи.

Азамат Камоловнинг таъкидлашича, охирги таҳлилларга кўра, 6 миллион ўқувчидан 14 минг нафардан зиёди муттасил равишда дарсга келмаётгани аниқланган.

«Уларнинг ҳар бири бўйича МФЙ раиси, „маҳалла еттилиги“ ва инспектор-психологлар билан ҳамкорликда ўрганишлар олиб борилмоқда ва таълимга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Натижада 9 мингдан ортиғи таълимга қайтарилди. Айни пайтда 5 минг нафар ўқувчи бўйича ҳам ўрганиш ишлари олиб бориляпти», — деди вазирлик вакили.

Унинг маълум қилишича, 2023 йилда фарзанди тарбиясида масъулиятсизлик қилган 12 мингдан ортиқ ота-она Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисми (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан жавобгарликка тортилган.

«Ўтган йили фарзанди тарбиясида масъулиятсизликка йўл қўйган, яъни мажбурий таълимга юбормаган, фарзанди ҳуқуқбузарлик содир этган ва бошқа сабабларга кўра 12 мингдан ортиқ ота-онага маъмурий жарима қўлланди. Бундай чораларни қўллаш — энг охирги чора. Унгача ота-оналар бир неча марта огоҳлантирилади, „маҳалла еттилиги“, жамоатчилик ҳамкорлигида тушунтириш ишлари олиб борилади. Мисол учун, „Фарзанд меники, уни хоҳласам мактабга жўнатаман, хоҳламасам юбормайман“, „14 ёшга кирди, бу менга ёрдамлашиши керак, мен билан бирга ишлаб, оилага даромад келтиради“ деб қарайдиган ота-оналар ҳам бор. Юқорида айтганимдек, уларга мажбурий таълим бўйича тушунтириш ишларини олиб борамиз. Шунда ҳам тушунмаса, масъулиятини бажармагани учун таъсир чораси қўлланади ва ўқувчининг мактабга қайтарилиши таъминланади», — деди Азамат Камолов.

Олий суд ахборот хизматига кўра, судлар томонидан 2024 йилнинг январь ойида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) 2-ва 4-қисмлари билан 52 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг барчасига жарима жазоси қўлланган.