Манхэттен федерал суди FTX криптобиржаси асосчиси Сем Бэнкман-Фридни мижозлардан миллиардлаб доллар ўғирлаганликда айблаб, 25 йилга озодликдан маҳрум қилди, дея ёзмоқда Reuters нашри.

Ҳакамлар ҳайъати 32 ёшли Бэнкман-Фридни еттита банд билан, жумладан фирибгарлик, тил бириктириш ва пул ювишда айбдор деб топди. Прокуратура унга 40 йилдан 50 йилгача озодликдан маҳрум этишни сўраган.

Судя Льюис Каплан ҳукм чиқаришдан олдин унинг жиноят содир этганини билиши ҳақида таъкидлади. «У жиноятчи эканлигини биларди. У сувдан қуруқ чиқишига умид қилиб, адашганидан афсусда. Аммо у ҳеч нарсани тан олмайди ва бу унинг ҳуқуқи», — деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Судга кўра, FTX мижозлари 8 млрд доллар, инвесторлар яна 1,7 млрд доллар, биржа кредиторлари эса 1,3 млрд доллар йўқотган. АҚШ прокуратураси буни АҚШ тарихидаги энг йирик молиявий фирибгарликлардан бири деб атади.

Суд, шунингдек, Бэнкман-Фриднинг 11 млрд доллар миқдоридаги мол-мулкини мусодара қилиш ва жабрланувчиларга товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқарди.

Криптовалюталарнинг энг йирик савдо платформаларидан бири бўлган FTX криптовалюта алмашинуви 2022 йил бошида 30 млрд доллардан ортиққа баҳоланганди, бироқ ўша йилнинг ноябрь ойида унда тушиш кузатилди ва крипто бозорининг қулашига сабаб бўлди.