23 апрель куни Буюк Британия ташқи ишлар вазири, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби Дэвид Кэмерон Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистонга ташрифи доирасида Ўзбекистонга келди. У сўнгги 27 йил ичида Ўзбекистонга ташриф буюрган биринчи Британия ташқи ишлар вазири бўлди.

Буюк Британиянинг собиқ бош вазири ташриф олдидан «Газета.uz»даги колонкасида ўз мамлакати билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариши лозим бўлган устувор йўналишлар — иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, таълимни ривожлантириш ва мустақилликни мустаҳкамлашни санаб ўтди.

Бу масалалар Дэвид Кэмерон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинди. Учрашув якунлари бўйича томонлар кенг қамровли, хусусан, терроризмга қарши кураш, мудофаа, иқлим ва инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги декларация ҳамда минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини имзолади.

Фото: Британия элчихонасиФото: Британия элчихонаси

Имзоланган ҳужжатларда нималар назарда тутилган?

«Декларация савдо ва инвестицион оқимларни ошириш, сиёсий, хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни ҳамда иқлим, тоза энергия, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, гендер тенглиги ва декарбонизация режалари каби асосий масалалар бўйича ҳамкорликни кучайтиришни кўзда тутади», — дея хабар қилди Буюк Британия элчихонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Ўзаро англашув меморандуми Ўзбекистонда барқарор инфратузилма лойиҳаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодий ва саноат ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Унда Ўзбекистондаги янги тезюрар темирйўл лойиҳаларига ва Буюк Британия қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган соҳаларга, жумладан, Буюк Британия экспортини молиялаштириш кўмагидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Имзолашдан сўнг Буюк Британия ва Ўзбекистоннинг асосий ҳукумат ва бизнес вакиллари билан ҳамкорликнинг кейинги батафсил режаларини келишиш учун қўшма ишчи гуруҳ тузилади.

Буюк Британия ва Ўзбекистон қўшма иқтисодий комиссиясини ташкил этиш таклифи икки томонлама савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш бўйича умумий мажбуриятни таъкидлайди, дея қайд этди элчихона. Комиссия иқтисодий ҳамкорлик ҳамда Британия ва Ўзбекистон бизнесларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукуматлараро мулоқот учун янги платформага айланади.

Ўтган йили ўзининг 27 йиллик йиғилишини ўтказган мавжуд Ўзбекистон-Британия Савдо ва саноат кенгаши ҳам икки давлат бизнес вакиллари учун алоқа ўрнатиш имкониятларини тақдим этишда давом этади.

Дэвид Кэмерон Буюк Британия кўп томонлама ташкилотларга асосий бадаллар ҳисобидан ажратиладиган маблағлардан ташқари, келгуси уч йил ичида Марказий Осиёни ривожлантириш учун ажратиладиган маблағ 50 млн фунт стерлингга оширилишини эълон қилди.

У яшил инвестицияларга йўналтирилган кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш дастури ҳамда тоза энергия ва сув хавфсизлигига эътибор қаратган ҳолда иқлим ўзгариши бўйича махсус дастурни ўз ичига олган таълим ва инглиз тили бўйича янги дастур бошланганини, шу жумладан, Марказий Осиё учун Chevening стипендиялари маблағи икки бараварга оширилишини маълум қилди.

«Биз сиздан шериклар ўртасида танлов қилишингизни сўрамаяпмиз»

«Буюк Британия Ўзбекистоннинг вақт синовидан ўтган, узоқ йиллик ва ишончли ҳамкоридир. Бизнинг муносабатларимиз ўзаро ҳурмат ва ошкоралик тамойиллари асосида қурилган», — деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов музокаралар якунида.

У Дэвид Кэмероннинг ташрифи икки ва кўп томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Фото: Британия элчихонасиФото: Британия элчихонаси

Дэвид Кэмероннинг журналистларга айтишича, Буюк Британия Ўзбекистон ва Марказий Осиё билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни истайди ва қайсидир томонларни танлашни сўрамайди.

«Марказий Осиё — дунёнинг муҳим минтақаси. Минтақада жуда кучли қўшниларингиз бор, улар билан ҳамкорлик қиласиз. Бу ерда шуни айтмоқчиманки, биз сиздан бу шериклар ва Буюк Британия каби давлат ўртасида танлов қилишингизни сўрамаяпмиз…», — деди у.

«Агар сиз биз билан таълим, иқлим ўзгариши, бизнес ёки савдо соҳаларида ҳамкорлик қилишни истасангиз, танловингиз бўлиши керак. Биз бу ҳамкорликни ўрнатиш учун шу ерда бўлишни хоҳлаймиз. Сизга танлов берамиз ва бу, менимча, энг асосийси», — дея қўшимча қилди вазир.

Кэмерон Буюк Британия ва Марказий Осиё худди шундай муаммоларга дуч келаётганини қайд этди. «Биз қандай қилиб иш ўринларини яратамиз ва [мамлакатни] гуллаб-яшнатамиз? Мамлакатларимиздаги одамларнинг ишлаш имконияти ва ҳаётда ўз овози бўлишини қандай таъминлашимиз мумкин? Ҳамма гап ана шунда. Ва шунинг учун мен бугун шу ердаман», — дея таъкидлади вазир.

Дэвид Кэмерон «Газета.uz»га берган алоҳида интервьюсида оммавий ахборот воситалари эркинлиги муҳимлигини таъкидлади: «Президентингиз, мамлакатингиз демократия тарафдори, оммавий ахборот воситалари эркинлиги тарафдори эканидан хабардорман».

Унинг қўшимча қилишича, «ҳар бир давлат бу нарсаларга ўз нуқтаи назари билан қараши керак», аммо «демократия ҳар доим баҳс-мунозара, муҳокамалардан иборат».

Тошкентда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Сенат раиси Танзила Нарбаева ва бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров билан ҳам учрашувлар ўтказди. Уларда сиёсий-дипломатик мулоқотини кенгайтириш, шунингдек, халқаро майдонда конструктив ҳамкорликни давом эттириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар муносабатларни мустаҳкамлаш, парламент алоқаларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Сенат матбуот хизматиФото: Сенат матбуот хизмати

Фото: Британия элчихонасиФото: Британия элчихонаси

Маданий дастур

Ташрифнинг маданий қисмида Ҳазрати Имом мажмуасига саёҳат ва «Караван» ресторанида миллий таомлар билан танишув ўтказилди.

Фото: Британия элчихонасиФото: Британия элчихонаси

Фото: Британия элчихонасиФото: Британия элчихонаси

Дэвид Кэмерон ош тайёрлаш жараёнида иштирок этди, шунингдек, у ерда ошпазга қарата «Мени ишга оласизларми?» дея ҳазил қилди.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

У Chevening дастури бўйича таҳсил олган Британия университетлари битирувчилари билан ҳам учрашди.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Видео