15−22 апрель кунлари Беларусда Ўзбекистон аэропортларининг бир гуруҳ тиббиёт ходимлари ва қутқарувчилари Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) халқаро талабларига мувофиқ авиация тиббиёти ҳамда авария-қутқарув ва қидирув-қутқарув ишларини олиб бориш бўйича тренингда қатнашди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Машғулотлар Беларусь Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси университети ҳузуридаги ёнғин хавфсизлиги ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш халқаро ўқув марказида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон аэропортларининг 21 нафар ходими, жумладан, соғломлаштириш марказлари раҳбарлари ва шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари раҳбарлари авиация тиббиёти асослари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, фуқаролик авиациясида психология, физиология ва санитария асослари каби йўналишлар бўйича ўқитилди.

Ўзбекистонлик ҳамкасблар учун ўқув майдонларида комплекс машғулотлар, тиббиёт симуляция марказида ўқув машғулотлари, Минск миллий аэропортидаги соғлиқни сақлаш марказлари ва қидирув-қутқарув гуруҳларига ташриф, Беларусь ФВВнинг «Авиация» давлат авиация қутқарув институтида ўқув машғулотлари ташкил этилди.

Шунингдек, ўзбекистонлик ва беларуслик ҳамкасблар бир қатор касбий масалалар бўйича ўзаро тажриба алмашиб, икки давлат ўртасидаги дўстлик белгиси сифатида кўчатлар экди.