Тошкент шаҳрида ўтказилган Atlas Party тадбирида аёллар ва уларнинг либосларини танқид қилган эркак 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 20 апрель куни «Замонавий аёллар» клуби томонидан Atlas Party номли миллий либослар тарғибот тадбири ўтказилган ва ундан лавҳалар ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган.

«Тадбир иштирокчиларининг ижтимоий тармоқларда Дилмурод Маллаев томонидан видеочиқиш орқали ҳақоратланишини юртимиз хотин-қизлари „шаъни ва қадр-қимматини камситиш“ деб билади ва бу ҳолатни кескин қоралайди», — дейилади Оила ва хотин-қизлар қўмитаси хабарида.

Қўмита унинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилди.

Кейинроқ Дилмурод Маллаевнинг ўзи аёлларни ҳақорат қилгани учун узр сўраб чиқди. «Мен қилган ишларим оқибатларини тушуниб этдим. Худо хоҳласа, бу ишни бошқа қайтармайман. Бундан буёғига ўзимни ишларим ва бизнесларим билан шуғулланаман», — деди у.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тадбир иштирокчилари 36 ёшли эркакка нисбатан қонуний чора кўриш учун ариза билан мурожаат қилганини хабар қилди.

23 апрель куни Дилмурод Маллаев Шайхонтоҳур тумани ИИОга таклиф этилган ҳамда ўзининг шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда атлас тарғиботини олиб борган аёлларга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатганини айтган.

Жиноят ишлари бўйича туман суди эркакни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) асосида 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилди.