17 апрель куни Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида жойлашган «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти ишчиси ўзини осиб қўйди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

Қайд этилишича, соат 09:00 атрофида 53 ёшли К.Ш. иш жойи яъни, «Ўзметкомбинат»га қарашли Навли прокат бўлимининг омборхонасида ўзини-ўзи осиб жонига қасд қилган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, унинг ўлимига бўйин аъзолари сиртмоқ билан қисилиши натижасида юзага келган механик асфикция сабаб бўлгани кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ҳузуридаги Давлат меҳнат назорат инспекциясига меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши ҳолатини ўрганиш бўйича талабнома юборилган. Ҳодиса жойига шаҳар прокурори, шаҳар прокуратураси терговчиси ва бошқа тергов-тезкор гуруҳи аъзолари чиқишган.

Ҳозирда терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.