22 апрель кечқурун Харьковни ўққа тутиш чоғида Россия армияси шаҳар телеминорасига ракета ҳужуми уюштирди, деб хабар бермоқда УНИАН агентлиги.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда телеминоранинг тепа қисми қулагани акс этган. Харьковда рақамли телевидение сигналида узилишлар кузатиляпти, дея аниқлик киритмоқда УНИАН.

Харьков вилояти прокуратурасининг хабар беришича, зарба Россиянинг Х-59 ракетаси билан амалга оширилган. Ташкилот уруш қонун-қоидаларини бузиш ҳолатларини текширишни бошлади.

Харьков вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Олег Синегубовнинг сўзларига кўра, ҳужум пайтида телеминора ходимлари бошпанада бўлган, ҳеч ким жабрланмаган.

Россия Мудофаа вазирлиги зарбага изоҳ бермади. «РИА Новости» давлат агентлиги Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа алоқа антеннаси ўрнатилгани айтилаётган Харьковдаги телеминорага россиялик ҳарбийлар зарба берганини тасдиқлади.