19 апрель куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида 1-синф ўқувчиси йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Шаҳрисабз шаҳридаги 11-мактабнинг 1-«Б» синф ўқувчиси О.И. ўша куни мактабга келган ҳамда дарсларга тўлиқ қатнашган. Соат 12:35 атрофида ўқувчи уйи ёнидаги пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётганда уни юқори тезликда келаётган Damas автомашинаси уриб юборган.

Ўқувчи зудлик билан шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб борилган. Бироқ кўрсатилган тез тиббий ёрдамларга қарамасдан у вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи қамоққа олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида юқори тезликда ҳаракатланган Gentra ҳайдовчиси йўл четидаги икки ўқувчини уриб юборганди. ЙТҲ оқибатида болалар вафот этган, шунингдек, машина уриб кетган қорамол ҳам нобуд бўлган.