Парранда гриппи вирусининг сутэмизувчилар, жумладан, одамлар орасида тарқалиши жамоат соғлиғини сақлашда жиддий муаммо келтириб чиқаради. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вакиллари маълум қилди, дея хабар беради БМТ сайти.

ЖССТ H5N1 деб номланувчи парранда гриппи вирусининг ўлим даражаси жуда юқори эканини таъкидлади. Буни шу кунгача инфекцияни юқтирган бир неча юз кишининг касаллик тарихи тасдиқлайди. Шу билан бирга, H5N1 вирусининг одамдан одамга юқиши ҳолатлари қайд этилмаган.

«H5N1 грипп инфекцияси бўлиб, аввал паррандалар ва ўрдаклар орасида пайдо бўлган. Сўнгги икки йил ичида у фаол тарзда тарқалди ва глобал зооноз пандемияга айланди», — деди ЖССТ бош олими Жереми Фаррар Женевада бўлиб ўтган брифингда. «Жуда ташвишли томони шундаки, бу вирус ўрдак ва товуқларга, энди эса сутэмизувчиларга юқиш орқали ривожланиб, одамларга юқиш қобилиятига эга бўлмоқда. Кейин эса у одамдан одамга юқиши мумкин, бу жуда хавфли».

2020 йилда бошланган H5N1 эпидемияси ўн миллионлаб паррандаларнинг нобуд бўлишига олиб келди. Ўтган ойда сигир ва эчкилар H5N1 билан касалланган турлар рўйхатига киритилди. Илгари улар ушбу турдаги гриппга мойил эмас деб ҳисобланган.

Апрель ойида фермада сигирлар билан ишлаган Техас фуқаросига парранда гриппи вируси ташхиси қўйилган эди. Бу инсон H5N1 вирусини касалланган қорамоллар билан алоқага киришиш оқибатида юқтириб олган биринчи ҳолат ҳисобланади. АҚШ расмийларига кўра, олтита штатдаги 16 та чорва моллари ёввойи қушлар билан контактдан кейин вирусни юқтириб олган.

ЖССТ ҳали инфекциянинг тарқалишига нима ёрдам бераётганини билмайди. «Балки сигир соғиш машиналари айбдордир. Ёки улар яшайдиган муҳит. Ёки вирус бутун мамлакат бўйлаб транспорт тизими туфайли тарқалмоқда», — деди Фаррар.

У вирусга қарши вакцинани ишлаб чиқиш ҳали «зарур бўлган» босқичда эмаслиги ҳақида огоҳлантирди ҳамда бутун дунё бўйлаб минтақавий ва мамлакат соғлиқни сақлаш идоралари H5N1 ташхисини қўйиш имкониятига эга эмаслигини таъкидлади.

ЖССТ маълумотларига кўра, 2003 йилдан 2024 йилгача 23 мамлакатда H5N1 ортидан келиб чиққан 889 та касаллик ва 463 та ўлим ҳолати қайд этилган, бунда ўлим даражаси 52 фоизни ташкил қилган.