Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакилларига баёнот берди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўзбекистон президенти Тожикистон президенти ва халқига анъанавий самимий ва меҳмондўст қабул учун миннатдорлик билдирди.

«Яна бир бор таъкидлайман, Тожикистон Ўзбекистон учун энг яқин, ишончли, асрлар билан синалган стратегик шерикдир. Биродар ўзбек ва тожик халқлари кўп асрлик дўстлик ришталари билан чамбарчас боғланган. Бизни умумий тарих, маданий ва маънавий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар бирлаштириб туради», — деди Шавкат Мирзиёев.

У «қардош халқларнинг туб манфаатларига тўлиқ мос бўлган» Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзолангани ҳақида фикр билдирди.

«Бу қадам билан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик ва иттифоқчиликни чуқурлаштириш бўйича ортга қайтмас йўлдан юришга қатъий интилишимизни тасдиқладик. Ушбу муҳим ҳужжат, ҳеч муболағасиз, икки томонлама муносабатларда янги тарихий даврни англатади», — деди Ўзбекистон раҳбари.

Шунингдек, у ўз нутқида «Ойбек-Фотехобод» чегараолди эркин савдо зонаси ҳамда «Андархон» савдо-логистика марказини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

тожикистон

У саноат кооперацияси, биринчи навбатда, икки мамлакат бир-бирини тўлдириб турган анъанавий тармоқларда ўсишнинг янги нуқталари белгилаб олинганини таъкидлади. Гап машинасозлик, энергетика, электротехника, металлургия, тоғ-кон саноати, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа устувор тармоқларда қўшма лойиҳалар ҳақида бормоқда. Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компанияси салоҳиятидан фойдаланилади.

Сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликка устувор эътибор қаратилди. Трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш соҳасида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.

Ҳамкорликнинг яна бир стратегик йўналиши — икки мамлакат транспорт-транзит салоҳиятини ошириш учун қулай шароитлар яратиш. Йўловчи ва юклар ташиш ҳажмини ошириш, замонавий чегараолди ва божхона инфратузилмасини яратиш бўйича қўшма чоралар кўрилади.

Томонлар тарихий деб аталувчи бу галги ташриф ва унинг натижалари икки давлатнинг жадал ривожланишига хизмат қилишига, қардош Ўзбекистон ва Тожикистон халқларининг умумий фаровонлигини таъминлашига ишонч билдирди.