2024 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахслар электр энергияси ва табиий газ учун 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириши шарт. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 16 апрелдаги энергия тарифларини ошириш тўғрисидаги қарорида келтириб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу тартиб 2017 йилнинг июлидан 2019 йилнинг февралигача амалда бўлган, шундан сўнг аванс миқдори 50 фоизгача камайтирилганди.

Ўтган йилнинг сўнггида Энергетика вазирлиги бу қарорини ҳисоблагичлар ва бошқа қурилмалар етишмаслиги сабабли истеъмолчиларнинг электр тармоқларига рухсатсиз уланиши ва электр энергиясидан фойдаланиш бўйича маълумотларни сохталаштириши билан изоҳлаган эди. Маълумотларга кўра, 2023 йилда 39,5 мингта шундай ҳуқуқбузарлик аниқланиб, таъминотчи корхонага 355,3 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган.

Шу даврда 13,17 минг улгуржи истеъмолчи 1 миллиард 460 миллион куб метр газдан олдиндан тўловсиз фойдаланган, оқибатида 90,2 миллиард сўм дебиторлик қарздорлик юзага келган. Ёнилғи қуйиш шохобчаларининг қарзи эса 1 ноябрь ҳолатига кўра 59,9 миллиард сўмга етган (йил бошидан буён +1 фоиз ўсиш).

Шу тариқа олдиндан тўлов тизимининг жорий этилиши дебиторлик қарзларининг ўсишига тўсқинлик қилиши кутилмоқда.