Марказий Европа ва Марказий Осиёда демократик кўрсаткичлар кетма-кет 20 йил давомида пасайишда давом этмоқда. Бу ҳақда Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг минтақадаги 29 давлатни қамраб олган «Ўтиш даври мамлакатлари — 2024» йиллик ҳисоботида сўз боради.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини, Тоғли Қорабоғдаги можаро ва сўнгги йиллардаги бошқа воқеалар минтақадаги геосиёсий ўзгаришларни тезлаштирди. «Мамлакатлар икки қарама-қарши блокка бўлинган: либерал, демократик тузумга содиқ бўлганлар ва уни кескин рад этувчилар», — дейилади ҳисоботда.

Ўтган йил давомида минтақанинг 10 та давлатида демократия рейтинги пасайган, фақат бештасида яхшиланиш кузатилган. Мутахассислар минтақанинг демократияни мустаҳкамлашдаги «муваффақиятсизлиги»ни авторитар ва антидемократик етакчилар билан боғлайди.

Freedom House Озарбайжон, Беларусь, Россия ва барча Марказий Осиё мамлакатларини «консолидацияланган авторитар режимлар» сифатида таснифлади. «Транзит ёки гибрид режимлар» қаторига эса Арманистон, Грузия, Молдова, Венгрия, Украина ва бошқалар: жами 11 та давлат кирди.

«Ярим консолидацияланган демократик давлатлар» тоифасидан 10 та давлат, жумладан, Болгария, Латвия, Литва, Польша ва Эстония ўрин олди.

Freedom House`нинг қайд этишича, авторитар режим тоифасига кирувчи саккиз мамлакатнинг барчаси ўтган йил давомида «пастга қулаш пойгасида етакчилик қилишда» давом этган. Ташкилотга кўра, авваллари «авторитар диапазоннинг камроқ репрессив учида» бўлган Қозоғистон ва Қирғизистон ҳозирда «авторитар консолидациянинг нисбатан кенгроқ Марказий Осиё тенденциясига» мос келади.

Ўзбекистон, Freedom House маълумотларига кўра, максимал 7 баллдан 1,18 балл олди. Ўтган йили Ўзбекистондаги демократия ҳолати 1,21 балл билан баҳоланган эди.

Қирғизистоннинг демократик кўрсаткичи 1,64 баллгача (1,68), Қозоғистонники эса 1,29 баллгача (1,32) пасайди. Тожикистон ва Туркманистон учун кўрсаткичлар мос равишда 1,04 ва 1 баллни ташкил этди.

Беларусь 1,11 балл, Россия ва Озарбайжон 1,07 балл тўплади.

Минтақада энг юқори баллга Эстония эга бўлди — 6. Унинг пастида 5,79 балл билан Латвия ва Словения жойлашди. Украинанинг демократик ривожланиши 3,43 баллга баҳоланди, Арманистонники — 3,07 балл, Грузияники — 3,04 балл.

  • Март ойида Freedom House йиллик эркинлик рейтингини эълон қилганди, унда Ўзбекистон мумкин бўлган 100 баллдан 12 балл тўплаган. Марказий Осиёнинг барча давлатлари «эркин эмас» мақомини олганди.