2035 йилга бориб Тошкентда аҳоли сони 25 фоизга ошиб, 4 миллион кишини ташкил этиши, автомобиллар сони эса 120 фоизга ошиб, 1,29 миллионтага етиши кутилмоқда. Бу ҳақда пойтахтни ривожлантиришга бағишланган IQ City Planning Tashkent ҳисоботида маълумот берилган. Ҳисобот тижорий кўчмас мулк соҳасида фаолият юритувчи Commonwealth Partnership Uzbekistan (CMWP) халқаро консалтинг компанияси мутахассислари томонидан тайёрланган. Муаллифларнинг қайд этишича, жадал урбанизация билан бир қаторда, аҳоли сонининг ўсиши ва автомобиллар сонининг кескин ортиши экологик муаммоларни янада кучайтиради ва коммунал соҳага нисбатан босимнинг сақланиб қолишига сабаб бўлади.

«Газета.uz» CMWP Uzbekistan бош директори Денис Соколов билан бу каби ҳисоботларнинг мақсади, Янги Тошкент қурилиши ва унинг пойтахтнинг келгусидаги тараққиётига таъсири, шунингдек, мактабдан бошлаб ўргатилиши керак бўлган шаҳардан фойдаланиш маданияти ҳақида суҳбатлашди.

— Бевосита ҳисобот натижалари тўғрисида сўз юритишдан олдин, CMWP нима билан шуғулланиши ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

— Жамоамиз Тошкентда 2018 йилдан буён фаолият юритади. Биз тижорий кўчмас мулк соҳасида консалтинг хизматларини кўрсатамиз. Бу жуда умумий эшитилиши мумкин, лекин аслида ҳар қандай шаҳар ва бизнес учун муҳим функция.

Ҳар қандай компаниянинг вазифалари, у қандай фаолият билан шуғулланишидан қатъи назар, ҳар доим кўчмас мулк — ишлаб чиқариш ва савдо объектлари, маъмурий бинолар, логистика мажмуалари билан бевосита боғлиқ. Ҳар қандай компаниянинг харажатлари таркибида кўчмас мулк 80 фоизгача улушга эга бўлиши мумкин.

Кўчмас мулкни самарали бошқарилган тақдирда, харажатларни камайтириш имкони бор. Мисол учун, умумий майдонлардан оқилона фойдаланиш ва иш жойларини самарали жойлаштириш орқали, ходимлар учун қулайликни сақлаб қолган ҳолда, жойга бўлган эҳтиёжни 20 фоизгача қисқартириш мумкин. Бошқа томондан, сифатли шамоллатиш ва микроиқлим, айрим маълумотларга кўра, ходимларнинг иш унумдорлигини 15−30 фоизга ошириш имконини беради.

Замонавий кўчмас мулк тобора мураккаблашиб бормоқда, уни бошқариш учун бутун бошли жамоалар, турфа хил кўникмалар ва мутахассисликлар зарур. Жамоамизда ғоятда хилма-хил тажрибага эга бўлган мутахассислар йиғилган. Биз компанияларга ўз активлари ва кўчмас мулкидан самарали фойдаланиш бўйича йўл-йўриқ кўрсатамиз.

Бугунги кунда Тошкент ниҳоятда фаол ривожланиш даврини бошдан кечирмоқда — шаҳарлашув (урбанизация) жадал, аҳоли ва автомобиллар сони кескин кўпаймоқда. Айнан шу вазиятда арзимас харажатлар эвазига самарадорлик, қулайлик ва ҳаёт сифатини ошириш имконини берувчи кичик ўзгаришлар айниқса муҳим. Бу, масалан, турғун бўлмаган савдони ташкил этиш, автотураргоҳларни тартибга солиш, жамоат жойларини лойиҳалаш ва фуқаролар учун фаоллик марказларини яратишга тааллуқли.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

— Сиз шаҳарнинг айни пайтдаги ҳолати юзасидан таҳлил ўтказдингиз ва келгуси ўн йиллик давр учун айрим прогноз кўрсаткичларни аниқладингиз. Бу ҳисобот нима учун керак?

— [Умуман олганда,] биз ўтириб, «келинг, шундай таҳлил ўтказамиз», деб қарор қилмаганмиз. Биз билим, кўникма ва маълумотлар билан ишлаймиз ва доимо келажакни кўришга интиламиз. Чунки агар мижоз кўп функцияли мажмуа қурмоқчи бўлса, бундай мажмуа қурилиши 3−4 йил давом этиши, ижарачилар унга 5 йилдан кейин кўчиб кириши, одамлар бу объектдан 20 йилдан кейин фойдаланишини ҳисобга олиш керак. Ушбу объектга ташриф буюрадиганларнинг кўпчилиги ҳатто ҳали туғилмаган. Шунинг учун, кўчмас мулк соҳасида айни пайтда атрофингизда мавжуд кишилар учун эмас, балки кейинроқ дунёга келадиганлар учун ишлаётганингизни доимо ёдда тутишингиз керак.

Фикрлашнинг ушбу хусусияти — жуда муҳим компонент. Биз консалтинг компанияси сифатида вақти-вақти билан ўз билим ва қарашларимизни ҳисоботларга киритамиз, уларни нашр қиламиз ҳамда бозор ва бошқа компаниялар билан баҳам кўрамиз. Буни бозорда мулоқот ва фаолиятни осонлаштириш мақсадида амалга оширамиз.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

Масалан, кўпчилик бизга «Ўзбекистон бозори шаффоф эмас», дейди. Улар, шаффоф бозор — бу барча маълумотлар очиқ-ойдин кўриниб турган бозор, деб ҳисоблашади. Аслида эса, шаффоф бозор — бу одамлар у ҳақда, энг камида, бош қотирадиган ва биладиган бозордир.

Мана, шу бугун бутун дунё бўйлаб глобал шаҳарлар ўзаро таққослаб чиқилган ҳисобот билан танишиб чиқдим. Унда Остона, Олмаота бор, Тошкент — йўқ. Тошкент киритилмаган. Демак, ушбу ҳисоботни ўрганиб чиқадиган кишилар Тошкент ҳақидаги маълумотга дуч келмайди. Бозор шаффофлиги, шунингдек, эълон қилинган ҳисоботлар ва шаҳарда у ёки бу муаммо тўғрисида бош қотирадиган одамлар сонига боғлиқ. Шунинг учун, бизнинг назаримизда, бундай ҳисоботлар нафақат бизнес, балки резидентлар учун ҳам муҳим. Улар ўзига хос тафаккур мактабини яратади ва одамларни ўз шаҳрининг келажаги ҳақида қайғуришга ўргатади.

— Бош режаси бўлмаган шаҳарнинг келажаги ҳақида қандай қилиб ҳисобот тузиш мумкин?

— Прогнозлар икки турда бўлади: эҳтимолий ва орзудаги келажак прогнозлари. Эҳтимолий прогноз воқеалар ривожининг энг мумкин бўлган сценарийларини кўриб чиқади: агар бош режа мавжуд бўлмаса, демак, шаҳар табиий равишда ривожланмоқда. Бу прогнозлашни мураккаблаштиради, бироқ, шунга қарамай, табиий ривожланиш прогнознинг бир қисмидир.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

Яна орзудаги келажак прогнозлари ҳам мавжудки, бунда сиз прогнознинг ўзида яхши ривожланиш учун нима ва қандай қилиниши кераклиги ҳақида фикр юритасиз. Тўғри, бунинг учун бош режа керак. Орзудаги келажакнинг ҳар қандай прогнози биринчи бандда айнан шуни назарда тутади: бош режа бўлгани яхши.

Бизнинг ҳисоботимиз, албатта, эҳтимолий. Чунки биз биринчи навбатда бизнес ва маҳаллий ҳокимликлар учун ишлаймиз. Ва орзудаги келажакни прогноз қилишнинг муаммоли жиҳати шундаки, агар, айтайлик, сиз истаган воқеа содир бўлмаса, прогноз ўз аҳамиятини йўқотади.

— Ҳисоботингиз қандай маълумотларга асосланган?

— Бозор мониторинги, Тошкент шаҳридаги мавжуд вазият тўғрисидаги билимларга, прогнозлар, жумладан, халқаро молия ташкилотлари, масалан, Жаҳон банки ёки Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг иқтисодий ривожланиш ва макроиқтисодий вазиятга оид прогнозларига. Шунингдек, биз жамоанинг, жумладан, бошқа бозорлардаги тажрибасидан ҳам фойдаланамиз. Чунки аксарият ҳолларда шаҳарлар, бозорлар ва мамлакатлар ривожланиш асносида бошқалар босиб ўтган йўлни такрорлайди.

Масалан, айни пайтда биз таянадиган ишчи фаразларимиздан бири шундан иборатки, Тошкент қайсидир маънода Варшава тақдирини такрорлаши мумкиндек туюлади. 90-йилларда Варшаванинг ривожланиши жуда мураккаб кечган, бироқ вақт ўтиб у Шарқий Европанинг юлдузи, саноат ва постиндустриал нуқтасига, Шарқий Европадаги энг асосий иқтисодий марказга айланди.

Нима учун Тошкент билан Варшавани солиштиряпмиз? Булар катталиги ва минтақадаги роли жиҳатидан ўхшаш шаҳарлардир. Варшава — бу Шарқий Европа, Тошкент — бу Марказий Осиё. Узоқ вақт давомида Варшаванинг ривожланиши жуда мураккаб кечган. Бироқ ислоҳотлар ва иқтисодий ривожланиш унга барча қўшниларини амалда ортда қолдириш имконини берди.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

Бундан ташқари, Минск, Будапешт, Лагос (Нигерия), Мехико ва Теҳронда лойиҳалар амалга оширганман. Агар шаҳарларнинг ривожланиши бўйича муайян тажриба ва кузатувларга эга бўлсангиз, айрим тенденцияларни аниқлашингиз мумкин.

Бу, шаҳар қандай ривожланишини аниқ биламиз, дегани эмас. Бу, ҳозир мавжуд маълумотларга асосланиб, шундай истиқболларни кўраётганлигимизни англатади. Ҳар йили ўз ҳисоботларимизни янгилаймиз, иш моделларимизни ўзгартирамиз ва мослаштирамиз. Ўйлайманки, сиз билан кейинги йил яна учрашамиз, ўшанда мен сизга нима ўзгарганини айтиб бераман.

— Демак, шунда бу IQ City Planning ҳисоботининг бешинчисими?

— Биз Тошкент ҳақида савдо ва офис кўчмас мулки, кўча савдоси сингари турли йўналишларда 15 га яқин ҳисоботларни аллақачон эълон қилганмиз. Бироқ ҳозир муҳокама қилаётганимиз эса шаҳарнинг умумий ривожланишига бағишланган илк ҳисобот.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

Потенциал инвестор шаҳарнинг қайси ҳудудида, айтайлик, дўкон очгани яхшироқлиги, аҳоли фаоллигининг энг катта концентрацияси ҳатто ҳозир эмас, балки икки йилдан кейин қаерда бўлишини билиши керак. Чунки шундагина у ҳозирча нисбатан арзон бўлган, бироқ бир-икки йилдан сўнг фаоллашадиган, инвестиция осонлик билан ўзини оқлайдиган ҳудуддан дўкон сотиб олиши мумкин бўлади. Чунки марказда ҳамма нарса осон, бироқ қиммат бўлиши мумкин.

— Сиз аввалбошданоқ Тошкент жадал ривожланаётганини айтиб ўтдингиз. Тошкентнинг бугунги кундаги ўсиши ва шаҳарнинг ўсиш прогнозлари билан биз ҳозир гувоҳи бўлиб турган транспорт ва экология билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мумкинми?

— Бу борада аҳоли зичлиги юқори бўлган шаҳарлар муайян харажатлар билан боғлиқ бўлган жуда катта афзалликларга эга эканлигини ҳисобга олиш керак. Мегаполислар аҳолиси аввалдан муросага келишга мажбур бўлган.

Масалан, кўпчилик Тошкентдаги транспорт муаммолари ҳақида гапиради. Масалан, одамлар машиналарини ҳатто чизиқларга қарамай қолдириб кетади. Автомобилни йўл ўртасида қолдириб кетишлари ёки тўхтаб туришлари ҳам мумкин. Бу одамлар ёмон бўлгани учун эмас, балки йўл-транспорт ҳаракати узоқ вақт давомида бу даражада гавжум бўлмагани ва одамлар бошқалар билан ҳисоблашишга одатланмаганлиги сабабли содир бўлади. Ва энди улар хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга мажбур.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

Транспорт муаммоларини ҳал қилиш мумкин. Бироқ бу икки нарсага боғлиқ. Биринчиси, шахсий транспортдан фойдаланиш нархини ошириш: пуллик автотураргоҳлар, ёқилғи нархининг ошиши, қандайдир йиғимлар ва автомобилларга қўшимча солиқлар. Келажакда шундай бўлиши муқаррар, чунки у чеклаш воситасидир. Одамлар ўзини чеклашга мажбур бўлади.

Киши новвойхонага бориш учун шаҳарнинг ярмини кезиб чиқмаслиги учун ушбу чора-тадбирлар қулай жамоат транспортини ривожлантириш, хатти-ҳаракатларнинг ўзгариши билан бир вақтда кечиши керак. У энг яқин новвойхонага бориши керак, демак, новвойхоналар бутун шаҳар бўйлаб тақсимланиши ва етиб олиш учун қулай бўлиши керак.

Тошкентнинг экологик муаммолари асосан технологик жиҳатдан ортда қолиш билан боғлиқ. Чунки Лондон каби тирбанд шаҳарларга назар ташласак, ифлос ҳаво муаммоси ҳал қилинганига гувоҳ бўламиз. Бироқ бу муаммо аҳоли сони камроқ бўлган пайтда ҳал қилинмаган. Аксинча, аҳоли сони ошган. Лондон бу муаммони атмосферага чиқиндиларни чеклаш орқали ҳал қилди: автомобиллар учун экологик стандартларни ошириш, кўмир ёқиб иситишдан воз кечиш, каби. Ўтган йилги энергия инқирози Европанинг айрим шаҳарлари аҳолисини ёғоч ёқиб исинишга қайтарди, бу эса ҳаво сифатига дарҳол таъсир кўрсатиб, ҳукуматни шошилинч чоралар кўришга мажбур қилди.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

Шаҳар аҳолиси учун шаҳардаги ҳаёт ўз-ўзини чеклашни талаб қилишини тушуниш жуда муҳим. Бунинг эвазига у пиёда 10 дақиқада етиб олиш мумкин бўлган ажойиб новвойхона, кафелар, дўконлар тармоғи, университетлар, яхши мактаблар, ишлаш имкониятига эга бўлади. Шаҳар аҳолиси жуда кўп нарсадан баҳраманд бўлади, бироқ, албатта, бу неъматлардан фойдаланишнинг ўз тўлови бор.

— Ҳисоботингизда Янги Тошкентга катта эътибор қаратгансиз. Кўп жиҳатдан у Тошкент ривожига ҳисса қўшиши мумкин, деяпсиз. Бироқ, баъзи шаҳарсозлар (яқинда россиялик шаҳарсоз Гершман ҳам бу ҳақда ёзган эди) Янги Тошкентни қуришдан кўра Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларини ривожлантириш самаралироқ ва арзонроқ, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?

— Келинг, бунга оддий одам нуқтаи назаридан қарайлик. Одамлар Тошкентга келяпти, чунки бу ерда яшашни ҳоҳлайди, чунки бу ерда мактаблар, университетлар бор. Қаердадир турар-жой қуриш мумкин, лекин одамлар қаерда ишлайди? Иш ўринларини яратиш керак. Аслида, энг катта шаҳар истеъдодлар ва бизнесни энг кўп жалб қилади. Очиғини айтсам, Тошкент Марказий Осиёдаги энг муҳим шаҳарга айланиши кераклигига ишонаман.

Шаҳарсозлар кўпинча орзудаги келажак ҳақидаги прогнозлар билан иш кўришади: ҳамма одамлар бошқа шаҳарга кўчиб ўтишса ва у ерда иш ўринлари яратилса, қандай соз.

Биз, етарлича амалиёт ва тижорат соҳаси кишилари сифатида, бунинг учун Тошкентда ҳаётни қулайлаштириш натижасида юзага келган бир қатор мураккаб вазифаларни бажаришимиз кераклигини тушунамиз.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

Мен дунёнинг кўплаб шаҳарларида, эҳтимол 100 дан ортиқ шаҳарларда бўлганман. Шунинг учун, бугунги кунда Тошкент жуда қулай шаҳар, деб айта оламан. Тўғри, ҳамма учун ҳам қулай эмас, аҳоли ўз шаҳрини тез-тез ва ҳақли равишда танқид қилади. Бироқ, Тошкентда бошқа шаҳарларда мавжуд бўлмаган нарсалар жуда кўп: кўплаб яшил майдонлар, кенг йўлаклар, жуда кенг кўчалар. Чунки Варшава учун бундай кўп сонли пиёдалар йўлаклари — бу ҳашамат дегани. Бошқа бир жиҳати шундаки, Европанинг барча шаҳарларида ҳар бир қарич ер аллақачон ободонлаштирилган, у ерда ҳамма нарса чиройли. Тошкентда жамоат жойларига ғамхўрлик қиладиганлар кам.

Тошкент хусусий ҳовлилар сони бу қадар кўп бўлган кам сонли мегаполислардан биридир. Бундай ҳодиса умуман ҳеч қаерда йўқ. Америка ва Европанинг ҳар қандай шаҳарларида хусусий ҳовлилар шаҳар ташқарисида жойлашган (suburbs деб аталади). Тошкентда турмуш тарзи бутунлай бошқача. Тошкентда яхши нарсалар жуда кўплиги ва шаҳар ҳаётини қулайлаштириш учун кўп имкониятлар мавжудлигини унутмаслик керак.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

— Айни пайтда ҳукумат Самарқандни ривожлантиришга киришди. У, жумладан, ривожланади, ўсади ва бойийди. У ички миграция учун жозибадор шаҳарга айланиши мумкинми?

— Самарқанд сайёҳлик маркази сифатида ривожланмоқда, яъни бу Ўзбекистоннинг, ҳатто, балки бутун минтақанинг ўзига хос витринаси. Бу тарихий марказ, цивилизация бешиги.

Бироқ жадал ривожланаётган мамлакатлар ички миграция битта, энг йирик шаҳарга йўналган марказга интилувчи шаҳарлашув билан тавсифланади Бу ривожлантиришда фақат пойтахтга урғу бериш керак, дегани эмас. Минтақавий шаҳарлар ҳам турмуш тарзи, ҳам имкониятлар нуқтаи назаридан муқобил таклиф қилишлари керак. Агар Тошкент бизнес-пойтахтга айланса, Самарқанд маданий пойтахт мақомига даъво қилиши мумкин. Қолаверса, транспортнинг ривожланиши Тошкент ва Самарқандни гўзал мамлакатнинг икки томони — инь ва ян каби ягона тизим сифатида қабул қилувчи тасаввурни шакллантириш имконини беради.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

Менимча, фараз нуқтаи назаридан Тошкент бизнес маркази, Самарқанд эса тарихий-маданий марказ. Лекин шахсан мен буни кўп ҳам замонавий ёндашув деб ўйлайман. Шуни ёдда тутиш керакки, туризм — бу саёҳат, ҳаракат демак. Сайёҳ Самарқандга келиб, Регистонни кўриб, учиб кетса — бу туризм эмас. У Тошкентга — замонавий космополит шаҳарга келса, музейлар, театрларга борса, кейин поездга ўтириб Самарқандга борса, у ерда тарихдан баҳраманд бўлса, бошқа гап. Лекин, бизнесни ривожлантириш ва бойлик нуқтаи назаридан мен барибир Тошкент учун баҳс бойлаган бўлардим.

— Янгиликларда давлат аппарати Янги Тошкентга кўчиб ўтиши ҳақида бир неча бор қайд этилди. Сиз буни шаҳарни янада ривожлантириш учун ҳаракатлантирувчи куч деб атадингиз. Нима учун бундай деб ўйлайсиз?

— Шаҳарни эмас, айнан Янги Тошкентни. Кўчмас мулк бўйича маслаҳатчилар сифатида биз доимо биринчи нима пайдо бўлиши ҳақида ўйлаймиз — товуқми ёки тухум. Чунки, масалан, сиз савдо маркази очяпсиз, ижарачиларни жалб қиляпсиз, «Zara, бизга келинг, дўкон очинг», дейсиз. Zara эса харидорлар бор-йўқлигини сўрайди. Сиз ҳозирча харидорлар йўқ, дейсиз, лекин рекламани бошлайсиз. Сиз реклама қиласиз ва мижозлар «Қани дўкон?» деб сўрашади. Кўчмас мулкдаги энг катта қийинчилик — бу атрофида бирор нарсани ривожлантириш мумкин бўлган лангарни топиш.

Давлат аппаратини бошқа жойга кўчириш битта имзо билан ҳал бўладиган иш. Аввалига, албатта, одамлар, жумладан, амалдорларга ноқулайлик туғилади. Бироқ, бошқа томондан, амалдорлар ўз мамлакатини ривожлантириш учун ишлайди ва шунинг учун ҳақ олади. Янги жойга кўчиб ўтар экан, улар фақат кундалик фаолиятларида иштирок этиш билан чекланиб қолмайдилар. Агар улар Янги Тошкентдан кўчмас мулк сотиб олишса ёки у ерда ишлаш учун «эски» Тошкентдан қатнашса, дўконлар ва хизматларга талаб вужудга келади. Шундай қилиб, ҳудуд ривожланади.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

Мисол учун, Парижда вазирликларни жиноятчилик юқори бўлган тушкун ҳудудларга ўтказиш учун бутун бошли дастур мавжуд. У ерда ҳатто махсус транспорт ҳам ташкил қилиниши мумкин, чунки жиноятчилик даражаси энг юқори бўлган ҳудудлар борки, агар ишда ушланиб қолсангиз, метрогача пиёда бориш хавфсиз эмас. Бироқ вазирлик кўчиб ўтиши натижасида бир ярим йил ичида вазият яхшиланади ва ҳудуд янада жозибали бўлади. Бу жуда муҳим.

Дарвоқе, хавфсизлик ҳақида гап кетганда, Ўзбекистон хавфсизлик бўйича дунёда салкам 8-ўринда туради. Ўзбекистонга келаётган барча европалик дўстларим ва ҳамкасбларим Тошкентдаги хавфсизлик ва қулайлик ҳиссидан ҳайратда. Бу шунчаки ажойиб! Маҳаллий аҳоли бу афзалликни етарлича баҳоламайди.

— Чунки биз кетмаймиз. Ёзда Парижда бўлдим. У ер хавфли бўлиши мумкин, деган ҳиссиёт самолётдан тушмасингизданоқ сезилади.

— Тўғри. Мен буни бежиз айтиб ўтмадим: ҳиссиёт. Бунинг бошқа белгилари ҳам бор: дўконларда панжара йўқ, шиша эшиклар, ҳар бир бурчакда қўриқчилар йўқ. Умуман олганда, хавфсизлик шаҳардаги қулайлик рейтингидаги биринчи бандлардан бири. Чунки чиройли боғлар ва истироҳат боғлари бўлиши мумкин, бироқ бу боғда сиз бирор таҳдидни ҳис қилсангиз, унинг гўзаллигидан маъни йўқ.

— Агар ҳукумат аппарати Янги Тошкентга кўчиб ўтса ва бу Янги Тошкентнинг ривожланишига туртки бўлса, эски Тошкентнинг тақдири нима бўлади?

— Тошкент каби глобал шаҳарлар ё жуда тез ривожланади ёки умуман ривожланмайди. Бу ерда бири иккинчисининг ҳисобига ривожланади, деган нарса йўқ.

Давлат аппарати Янги Тошкентга кўчиб ўтиши учун биноларни лойиҳалаштириш, инфратузилма, электр тармоқларини ўрнатиш, йўллар қуриш керак; бу биноларни қуриш, уларни бошқариш, тегишли хизматларни қуриш ва ҳоказо. Буларнинг барчаси иш ўринларини яратади. Уларни Тошкент шаҳри аҳолиси эгаллайди.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

Агар давлат аппарати кўчиб кетса, «эски» Тошкент янада кўнгилочарроқ ҳарактерга эга бўлади. Бу аҳоли учун ўзига хос шаҳар, одамлар учун шаҳар бўлади. Чунки ҳозир кўчаларнинг ёпилишига тез-тез гувоҳ бўламиз. Шаҳар маркази улкан маъмурий квартал бўлиб, унда на турар-жой ва на савдо бор. Фақат маъмурий бинолар.

Бу ҳам ривожланиш учун имконият. Умуман олганда, Тошкентнинг дунёдаги кам сонли табиий кўп марказли шаҳарлардан бири эканлиги жуда қизиқ: эски шаҳар бор, Россия империяси қура бошлаган мустамлака шаҳар бор. Энди эса Янги Тошкент. Бу шаҳар ривожланишининг мантиқий давоми.

— Янги Тошкент ҳақида кўп нарса билмаймиз. Сизнингча, у ҳақидаги маълумотлар қанчалик очиқ?

— Бозор шаффофлиги ҳақида такрор айтаман. Афсуски, шаффофлик кўпинча фақат маълумотни эълон қилиш сифатида қабул қилинади. Бироқ, бошқа томондан, бунда маълумотни идрок этиш маданияти жуда муҳим.

Айтайлик, Жаҳон банки Ўзбекистон ва Тошкент ҳақида жуда қизиқарли ҳисоботларни эълон қилади. Сайтда юклаб олиш ҳисоблагичи мавжуд. Мен юклаб олган охирги ҳисоботни яна 40 киши юклаб олган. Тахминимча, улардан 20 нафари ушбу ҳужжатни ўқиб чиққан. Бу даҳшатли даражада кичик рақам.

Шаҳар ривожланиши ҳақидаги маълумотлар жуда мураккаб. Буни қандай изоҳлашни ва муҳокама қилишни биладиган экспертлар ҳамжамияти ёки фуқаролик фаоллари жамоаси бўлиши керак. Чунки нашр қилиш ва жойлаштириш бошқа масала. Эсингизда бўлса, «Автостопда галактика бўйлаб» фильмида Ер сайёрасини қайта қуриш режалари ертўланинг учинчи қаватида жойлашган эди. «Ва уларни ўқимаганингиз учун ўзингиз айбдорсиз», дейилади.

Аслида, шаҳар расмийлари фаол фуқаролик позициясининг шаклланишига имкон яратиши керак. Ҳаттоки, замонавий шаҳарлик учун шаҳарни тушуниш ва ундан фойдаланиш маданиятига эга бўлиш жуда муҳим, деган бўлардим. Дарҳақиқат, одам шаҳардан фойдаланишни мактабдан бошлаб ўрганиши керак. Масалан, Европа давлатларида мактабларда шаҳарсозлик бўйича маърузалар ўқилади. Биз смартфонлардан фойдаланишни ўрганамиз, лекин, айни пайтда, шаҳар ўзининг барча мураккаблиги ва тузилиши билан табиий нарсадек туюлади. Аслида ундай эмас.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

— Бу дарсларда нима ўргатилиши мумкинлигини тасаввур қилиш мен учун қийин. Шаҳардан фойдаланишни ўрганиш — бу нима дегани?

— Россияда ишлаган вақтим, жумладан, мактабларда шаҳар умуман қандай тузилгани ҳақида маърузалар ўқиганман. Масалан, Тошкентда кўчмас мулкни қурилишга рухсатномасиз сотиш ҳолатлари аллақачон кузатилган. Ва одамлар сотиб олишади. Аслида, бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ, лекин харидор қандай хатарга бораётганлигини билиши керак.

Ёки агар қурувчи компания мактаб ваъда қилса, лекин уй-жой арзон бўлса, одам бундай квартиранинг нархига мактаб қуриб бўлмаслигини тушуниши керак. Ҳар бир инсон нима қанча туриши ва нарх қандай шаклланишини билиб қўйиши лозим.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

Транспорт билан ҳам худди шундай. Қурувчи компания ҳозир дўзаҳдек тирбандликлар кузатилаётган ҳудудда йўл қурилишини ваъда қилганда, сиз бориб, бу йўл қаердан ўтишини кўрасиз. Агар унинг ўрнида ҳали ҳам бинолар мавжуд бўлса, тушунишингиз керакки, бу бинолар сотиб олиниб, ҳаммаси компенсация қилиниб, бузиб ташлангунича яна 15 йил ўтади. Агар улар аллақачон метро станциясини қазишаётган бўлса, демак транспорт билан боғлиқ муаммолар бўлмайди.

— Балки давлат ҳам қайсидир йўл билан қурувчи компанияларни мактаблар ва йўллар қуришга рағбатлантириши керакдир?

— Давлат қурувчи компанияларни солиқ тўлаш ва иш ўринлари яратишга рағбатлантириши керак. Бироқ мактаблар, айниқса, йўллар қуриш ва транспорт ўтказиш қурувчи компаниянинг вазифаси эмас. Давлат ўз функцияларини қурувчи компаниялар зиммасига юкламаслиги керак.

— Ҳисоботда айтилишича, ҳозир одамлар хонадоннинг майдонига камроқ қизиқиш билдирмоқда, шунинг учун хонадонларнинг ўртача майдони қисқармоқда. Бу нима билан боғлиқ?

— Хонадоннинг майдонига унчалик қизиқмаслик ҳамма ҳам тааллуқли эмас. Бунда шаҳар каби ҳодисанинг ўзига хослиги бор. Кўп одамлар шаҳардаги хонадонни фақат квадрат метр деб билишади. Аслида, шаҳар — инсон капитали фабрикасига чипта демак: ижтимоий алоқалар, таълим, даромад, иш, истиқболлар. Ҳавоси тоза бўлган қишлоқда ҳам яшаш мумкин, лекин сизда ижтимоий алоқалар, яхши танишувлар, атрофдаги ёқимли ақлли одамлар ёки маданий объектларга кириш имкони бўлмайди.

Киши шаҳарда хонадон сотиб олаётганда, у квадрат метр билан биргаликда ана шу бу чипта учун ҳақ тўлайди. Ривожланган шаҳарлардаги тенденциялар кичик квадратли хонадонларга талабни келтириб чиқармоқда. Масалан, Европада 20−25 квадрат метрлик уй-жойлар мавжуд. У ерда оилалар яшамаслиги аниқ. У ерда талаба ёки ёш мутахассис яшайди. Унинг уйидан ишига ёки университетига пиёда 15 дақиқалик йўл. Унинг уйи ёнида кафе, кир ювиш шохобчаси бор — у барча хизматларни уйдан ташқарига олиб чиқади ва унинг учун уй — бошпана холос.

У ишлайди, маоши ошади, оила қургач, вазифалари ортади — у кенгроқ, лекин мактабга яқинроқ хонадонга кўчиб ўтади. Бунинг учун ишга пиёда 15 дақиқада эмас, машинада 40 дақиқада етиб бориш орқали ҳақ тўлайди. Бироқ унинг болалари яхши мактабда ўқийди. Шаҳарда яшаш — бу муросалар тўплами.

Тошкентда қурувчи компаниялар аллақачон кичикроқ квадратли хонадонларни таклиф қилмоқда. Яқин вақтгача улар 100−120 квадрат метр эди. Энди майдони 30−40 квадрат метрлик хонадонларни кўряпмиз. Квадрат метр нархи қимматлашяпти, лекин хонадонларнинг ўзи — улар арзонлашяпти, деб айтолмайман — лекин бошпананинг нархи ўзгармаган.

— Уй-жой ҳамёнбоп бўлиши учун уни қуриш керак. Ҳисоботда айтилишича, Янги Тошкент нархларни мувозанатлаштиради. Бу шаҳар фалсафасининг ўзи уй-жой сотиб олишнинг имконсизлигини англатмайдими?

— Йўқ, албатта. Кўпчилик ўйлайдики, ҳамёнбоп уй-жой — бу бир йил давомида пул йиғиш ва хонадон сотиб олиш, дегани. Аслида эса уй-жой сотиб олиш имконияти — бу келажакка ишонч: ҳаётдаги режаларингиздан келиб чиқиб, буни ўзингизга раво кўрасиз.

Масалан, Европада уй-жой сотиб олиш имконсиздек туюлади, бироқ паст ипотека фоизлари ва ижтимоий кафолатлар туфайли 50 йилдан ортиқ бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан уй сотиб олиш мумкин. Кўпгина европаликлар ўз ипотекаларини бутун умрлари давомида ҳам тўламайди ёки ҳатто тўламоқчи ҳам бўлмайди. Бирор жойга кўчиб ўтиш керак бўлганида, уйни ипотека қарзи билан бирга сотади ва харидор банкдан қарздор бўлиб қолади.

Менимча, Ўзбекистон бундай ривожланган молия ва кредитлаш тизимига ўтишига камида 5−7 йил вақт бор. Келгуси йилда маошингиз 20 фоизга, кейин яна 20 фоизга, кейин яна 30 фоизга ошишини билсангиз, бугуннинг ўзидаёқ сизга кўп нарсалар ҳамёнбоп бўлади.

commonwealth partnership, cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, янги тошкент, тошкент, ҳудудларни ривожлантириш

Янги Тошкентга келсак, бу жуда катта ҳудуд. Умид қиламанки, бу шаҳарнинг маъноси — барқарор ижтимоий муҳитдир. Сиз Навоийдан келиб, Тошкентдаги институтга ўқишга кириб, кичкинагина хонадонни ижарага оласиз. Институтни тугатиб, ишга жойлашсангиз, худди шу ҳудуддан каттароқ хонадонни ижарага оласиз. Лавозимингиз ошгач, катта хонадонни ижарага оласиз ва ўзингиз учун пул йиғишни бошлайсиз. Вақт ўтади, оилани қурилади, оила учун кредит маблағлари ёрдамида кўчмас мулк сотиб олинади — ва буларнинг барчаси битта ҳудуд ёки турар-жой мажмуасининг ўзида бўлиши мумкин.

Ҳозир, афсуски, собиқ Иттифоқнинг кўплаб мамлакатларида турар-жой мажмуалари аниқ мақсадли аудитория учун — 35−40 ёшдагилар учун қурилган. 20−30 йилдан кейин булар — нафақахўрлар бўлади. Яна 15−20 йилдан кейин улар дунёдан ўтади. Бир ҳудудда фақат ёшлар, бошқасида эса фақат пенсионерлар яшаши — бу беқарор муҳит. Барқарор муҳит — бу битта ҳудудда ёки турар-жой мажмуасида талабалар яшаши. Кундузи ўқишади, кечқурун эса кимгадир уй ишларида ёрдам беришлари ёки энагалик қилишлари мумкин. Инсон капитали фабрикаси ва фаровонлик фабрикаси шундай хилма-хилликда ишлайди.

— Ҳисоботда мени жуда ташвишга солган бир жиҳат бор. Унда айтилишича, шаҳарнинг ҳозирги тузилиши билан одамларни жамоат транспортига ўтказиш жуда мушкул вазифа. Шаҳар тузилишида нима ва нега нотўғри?

— Транспорт стереотиплари ва хулқ-атвор стереотиплари, деган нарса бор. Тошкентдаги кўплаб ҳайдовчиларнинг бошқаларга қарамай тўхтаб туриши ёки автомобилни қолдириб кетиши ҳақида бироз аввал айтиб ўтдим. Ёки ҳамма тўхтаб турган пайтида кимдир орқадан келиб уришидан қўрқади, шунинг учун «авария» чироқларини ёқиб олади. Буларнинг барчаси стереотипга асосланган хатти-ҳаракатлар. Аслида, бу сохта, нотўғри, лекин жуда барқарор стереотиплар.

Европалик шаҳарсозлар шундай дейди: транспорт билан боғлиқ хулқ-атворнинг шаклланиши учун сиз аввал очиқ майдонда метро ётқизишингиз, поездларни ишга туширишингиз ва кейин қурилишни бошлашингиз керак. Бу, албатта, фойдасиз, лекин одам биринчи марта янги турар-жой мажмуасидаги квартирани кўриш учун келганидаёқ, ўйлайдики, ҳа, демак, метрода қатнайман, машина сотиб олмайман.

Бу нарса Тошкентда иш бермайди. Биринчидан, автомобиллар [бу ерда] ижтимоий мақом рамзи. Ваҳоланки, урбанистлар бой шаҳар ҳамма машина ҳайдайдиган шаҳар эмас, балки бойлар жамоат транспортидан фойдаланадиган шаҳардир, дейди. Бироқ, постсовет мамлакатларида жамоат транспортидан фойдалансангиз, машина учун пули йўқ экан-да, деган қараш бор. Бу стереотиплардан қутулиш жуда қийин.

Иккита ёндашув мавжуд. Биринчиси, Москва маъмурияти томонидан амалга оширилган «муросасизлик» ёндашуви. Яъни, шаҳар «бундан буён автомобилдан фойдаланишни чидаб бўлмас ҳолга келтираман», деган қарор қабул қилади. «Автомобилни мумкин бўлмаган жойда қолдириб кетиш ва ҳайдаш вақтидаги хатолар учун сизга шундай жарималар солинадики, додлаб юборасиз. Машинангиздан воз кечиш ҳақида жиддий ўйлай бошлайсиз. Сизни жамоат транспортига ўтказамиз».

Юмшоқроқ ёндашув ҳам мавжуд — сиз қулайроқ муҳит яратасиз ва одамларга ўз транспорт одатларини ўзлари тўғрилаб олишларига қўйиб берасиз. Бу қийин, кўп вақт олади. Очиғи, Ўзбекистонда тизим бошқача бўлгани сабаб қаттиқ ёндашув нотўғри бўларди, деб ўйлайман. Ўзбекистонликлар учун бундай шафқатсиз транспорт зўравонлигини мақбул эмас, деб ҳисоблайман. Шунинг учун буни аста-секин қилишга тўғри келади. Биз ҳозирнинг ўзидаёқ электробуслар ва ажратилган йўлакларни кўриб турибмиз. Буларнинг барчаси бир текисда кетмаслиги мумкин, бироқ юмшоқ ёндашув 5−10 йил вақт талаб қилишини ҳисобга олиш лозим.

Суҳбатнинг иккинчи қисмида IQ City Planning Tashkent ҳисоботи муаллифи Алексей Летуновский Ўзбекистондаги шаҳарлар ҳақидаги маълумотлар қанчалик очиқлиги, уларни эълон қилиш нега расмийлар учун манфаатли эканлиги ва нима учун «эски» ва Янги Тошкент ўртасида маблағларнинг нотекис тақсимланиши фалокатга олиб келиши ҳақида сўз юритади.