Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги «Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруққа ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисидаги лойиҳани жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Буйруққа вақтинча хорижий давлатга чиқиш тушунчаси киритилган ва унга тавсиф берилган. Унга кўра, вақтинча хорижий давлатга чиқиш — ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар даволаниш, саёхат қилиш, қисқа муддатли малака ошириш ёки бошқа мақсадларда фарзандини ўзлари билан хорижий давлатга вақтинча чиқишини англатади.

Лойиҳага кўра, буйруққа 26−1 банди қўшилмоқда. Таклиф этилаётган бандда ота-оналар фарзанди билан бирга қайси хорижий давлатга кетиш сабабларини ва хорижда қолиш муддатини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза билан (ўқув йили давомида) мурожаат этиши белгиланмоқда.

Ариза мактаб директори томонидан (директор бўлмаган вақтда, директор вазифасини вақтинча бажарувчи) бир иш куни ичида кўриб чиқилиб, ўқувчи вақтинча хорижий давлатга кетаётганлиги ҳақида ҳамда синф раҳбари ва фан ўқитувчиларини хабардор қилиш тўғрисида буйруқ қабул қилинади.

Мактаб директори қуйидаги ҳолатларда ўқувчининг ота-оналарини, яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғини раисини, тегишли туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимини ва Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясини ёзма равишда огоҳлантиради ва уни дарс машғулотларига жалб этиш чораларини кўради:

  • хорижий давлатга вақтинча чиқиб кетган ўқувчилар хорижда бўлиш муддати узайтирилганлиги тўғрисида бир ҳафта муддатда мактабни хабардор қилмасдан дарс машғулотларига қатнашмаган ўқувчилар;
  • мазкур низомнинг 26−1-бандига риоя қилмасдан хорижий давлатга кетган ўқувчилар ҳақида.

Мактаб директори ҳар йили 25 майга қадар ўқув йили давомида мактабни хабардор қилмасдан хорижий давлатга чиқиб кетиб камида уч ойдан ортиқ муддатда узлуксиз дарс машғулотларига қатнашмаган (ўқув йили якунланишидан олдин дарсга қатнашган ўқувчилар бундан мустасно) ўқувчилар тўғрисидаги маълумотларни Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясига киритади.

Лойиҳага кўра, мазкур ўқувчилар Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси розилиги билан ўқувчилар сафидан чиқарилади.

Лойиҳа тушунтириш хатида қайд этилишича, буйруқ Ўзбекистон президенти ҳузурида 2024 йил 26 январь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида ўқитиш сифатини яхшилашга оид тақдимот давомида берилган топшириқлар бўйича 7-сон баёни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон «Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ мувофиқ ишлаб чиқилган.

Буйруқнинг мақсади хорижий давлатга мактабни огоҳлантирмасдан ёки вақтинча чиқиб кетиб қайтиб келмаган ва узрли сабабсиз мунтазам дарс машғулотларига қатнашмаган ўқувчилар билан ишлаш тизимини самарали амалга оширишга зарур шарт-шароит яратишдан иборат, дейилади хатда.