Душанба куни марказий вилоятларда ва республика жанубидаги айрим жойларда ёмғирлар кучли бўлади, Фарғона водийси вилоятларида ёмғир кечга томон бошланади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати +15…+20 даража атрофида бўлади. Сешанба куни Фарғона водийсида, кечаси ва эрталаб Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ёмғир ёғиши кутилмоқда. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

17−19 апрель кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва иш ҳафтасининг охирига бориб +25…+28 даражага, шимолда ва жанубда +29…+31 даражага етади.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 15−16 апрель кунлари ёмғир ёғади, 15 апрелда баъзи жойларда кучли бўлади. Сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Тоғларда қор кўчиши хавфи сақланиб туради. Республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 15 апрелда кундузи вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. 16 апрелда кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғади. Ҳарорат асосан кундуз кунлари +15…+20 даража бўлади.

17−19 апрель кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кундуз кунлари ҳарорат +23…+27 даражаача аста-секин кўтарилади. Ҳарорат асосан кечалари +7…+12 даража бўлади.