2023 йилда 6 фоизга ўсган Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 йилда 5,3 фоизга ўсади, дея прогноз қилмоқда Жаҳон банки «Европа ва Марказий Осиё иқтисодиётлари шарҳи» янги ҳисоботида. Январь ҳисоботига нисбатан (5,5%) прогноз 0,2 фоиз пунктга камайди. Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси пресс-релизида таъкидланишича, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 2025 йилга ўсиши прогнози 5,5 фоиз даражасида сақланиб қолди.

2023 йил учун яхшиланган кўрсаткичлар

2023 йилда Ўзбекистоннинг реал ялпи ички маҳсулоти инвестициялар, хусусий истеъмол ва экспорт ҳисобига 6 фоизга ўсди. Давлат корхоналари ва хусусий сектор корхоналарини кредитлаш ҳажмининг оширилиши инвестицияларнинг ўсишига олиб келди. Реал кредитлар (давлат корхоналари ва хусусий секторга берилган кредитлар) 2021−22 йиллардаги 5,1 фоиздан 2022−23 йилларда 11,6 фоизга ўсди.

Истеъмол нархлари инфляцияси сўнгги етти йилдаги энг паст даражага тушиб, 2022 йилдаги 12,3 фоиздан 2023 йил декабрида 8,8 фоизга тушди. Бу ҳукуматнинг қатъий пул-кредит сиёсати ва қўшилган қиймат солиғи ставкасининг пасайтирилиши, шунингдек, халқаро бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энергия нархларининг пасайиши билан боғлиқ.

2023 йилда ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан 9 фоизга қадрсизланди. Бунга қисман Россия рублининг (мамлакатнинг ташқи савдо бўйича асосий ҳамкори валютаси) АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши сабаб бўлган.

2023 йилда импорт ўсиши тезлашгани ва меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажми қисқаргани (охиргиси рублнинг қадрсизланиши билан боғлиқ) сабабли жорий ҳисоб тақчиллиги бўйича ҳолат ёмонлашди.

Ўзбекистондан газ экспорти ички истеъмолнинг ўсиши фонида икки баробар қисқарди. 2023 йилда мамлакат биринчи маротаба Россиядан газ импорт қилишни бошлади.

Совуқ қиш мавсумида энергетика инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш ва ёқилғи учун фавқулодда харажатлар, иш ҳақи ва ижтимоий нафақалар, энергия субсидиялари ва давлат банклари томонидан тақдим этиладиган давлат корхоналарини субсидияланган кредитлаш бўйича харажатлар туфайли бюджет тақчиллиги 2022 йилдаги ЯИМга нисбатан 4,1 фоиздан 2023 йилда 5,8 фоизгача ошди.

Олтин-валюта захиралари етарли даражада сақланиб қолди. Уларнинг ҳажми 2023 йил декабрь ҳолатига кўра 34,6 миллиард долларни ташкил этди. Ушбу ресурслар 8 ой давомида импорт харажатларини қоплаш учун етарли бўлади.

Реал иш ҳақининг барқарор ўсиши камбағалликни қисқартиришга ёрдам берди, камбағаллик даражаси 2022 йилдаги 5 фоиздан 2023 йилда 4,5 фоизгача тушди (даромади ўртадан паст бўлган мамлакатлар учун 2017 йил нархларидаги харид қобилияти паритетига кўра кунига 3,65 АҚШ доллари миқдоридаги халқаро камбағаллик чегараси бўйича баҳоланади).

Ишсизлик даражаси 2022 йилдаги 8,9 фоиздан 2023 йилда 8,1 фоизгача тушди.

2023 йилда ўртача реал иш ҳақи 7,8 фоизга ошди, бу нафақат ўсиб бораётган талаб, балки меҳнат бозорида малакали кадрлар етишмовчилиги туфайли ҳам содир бўлди. Натижада, камбағалларга қараганда кўпроқ малакали (ва моддий аҳволи яхшироқ бўлган) ишчилар орасида иш ҳақининг ўсиши юқорироқ бўлди. Бу аҳоли ўртасида даромадлар тенгсизлигининг ошишига олиб келади, дея қайд этган Жаҳон банки.

2024 йил учун прогнозлар

Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, кутилаётган фискал консолидация чоралари ҳамда мамлакатнинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари бўлган Россия ва Хитойга экспорт ўсиши суръатларининг секинлашиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 2024 йилда 5,3 фоизни ташкил этади. Иқтисодий ўсиш асосан тузилмавий ислоҳотларнинг давом этиши ҳисобига қўллаб-қувватланади. Хусусан, бунга давлат корхоналарини реструктуризация қилиш ва давлат активларини хусусийлаштириш, шунингдек, энергетика соҳасини ривожлантиришга йирик сармоялар киритиш таъсир кўрсатади.

Энергетика соҳасида тарифларни ислоҳ қилиш билан боғлиқ бўлган ички энергия бозорида нархларнинг нисбатан кескин ошиши ҳисобига 2024 йилда инфляциянинг ошиши кутилмоқда (ушбу жараён аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш чоралари билан бирга амалга оширилади). Бу тўлақонли инфляцион таргетлашга ўтишни якунлаётган Ўзбекистон Марказий банкининг (МБ) қатъий пул-кредит сиёсати билан қисман қопланади. Ўрта муддатли истиқболда инфляция 8 фоизгача секинлашиши кутилмоқда, бу эса Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичидан юқори.

2024 йилда импорт ўсиши суръатлари мўътадил бўлиши кутилмоқда. Бироқ айрим товарлар импорти иқтисодиётнинг турли тармоқларини модернизация қилиш ва аҳолининг ўсиб бораётган истеъмолини қондириш учун фойдаланилишини ҳисобга олсак, импорт ўсиши суръати барқарор бўлиб қолади.

Прогнозларга кўра, 2024 йилда пул ўтказмалари ҳажми асосан Россияга борадиган меҳнат муҳожирлари сонининг қисқариши кутилаётгани ҳисобига камаяди. Пул ўтказмаларининг камайиши ва импортнинг кўпайиши билан жорий ҳисоб тақчиллиги бироз ошади, лекин барқарор бўлиб қолади, чунки Ўзбекистон иқтисодиётини ислоҳ қилиш жараёни хорижий молиялаштиришни жалб қилади. Ушбу маблағлар жорий ҳисоб тақчиллигини қоплашга йўналтирилади.

2024 йилда камбағаллик даражаси 4,3 фоизгача қисқариши кутилмоқда (даромади ўртадан паст бўлган мамлакатлар учун 2017 йил нархларидаги харид қобилияти паритетига кўра кунига 3,65 АҚШ доллари миқдоридаги халқаро камбағаллик чегараси бўйича баҳоланади).

2024 йилда бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 4,2 фоизигача, 2026 йилда эса 3 фоизигача камайиши кутилмоқда. Ушбу кўрсаткичларга йирик энергетика субсидияларини ва давлат корхоналарини рағбатлантириш бўйича самарасиз чора-тадбирларни бекор қилиш, шунингдек, давлат активларини хусусийлаштиришда давом этиш орқали бюджет даромадларини кўпайтириш ҳисобига эришиш режалаштирилган.

Ҳукумат ташқи қарзлар бўйича ўз чекловларига риоя қилиши кутилмоқда («Давлат қарзи тўғрисидаги» қонунга мувофиқ, давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан максимал миқдори ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаслиги белгиланган). Шу билан бирга, давлат қарзи 2024 йилда ЯИМга нисбатан 36,5 фоизгача ошади ва 2026 йилга бориб 34,4 фоизгача пасаяди.

Ушбу прогнознинг пасайиши бўйича хатарлар қаторига Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари бўлган Россия ва Хитойда иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиши, шунингдек, халқаро молия бозорларидаги вазиятнинг кутилганидан кўра кескинроқ бўлиши киради.

Ички хатарлар давлат корхоналари ва банклар томонидан, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш доирасида юзага келиши мумкин бўлган молиявий мажбуриятларнинг ошиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Мамлакат учун потенциал ижобий тенденциялар қаторига олтин ва миснинг жаҳон бозорларидаги нархлари ошиши (Ўзбекистон ушбу товарлар экспортчиси ҳисобланади), шунингдек, ҳукуматнинг тузилмавий ислоҳотлари оқибатида иқтисодиёт тармоқларидаги унумдорлик ўсишининг тезлашиши киради.

жаҳон банки, ўзбекистон, ялпи ички маҳсулот

Минтақа учун прогноз

Минтақадаги иқтисодий ўсиш 2023 йилда 3,3 фоизга ўсишдан сўнг бу йил 2,8 фоизгача секинлашиши мумкин.

Ўзбекистон Тожикистон (6,5 фоиз), Арманистон (5,5 фоиз), Грузия (5,2 фоиз) ва Қирғизистон (4,5 фоиз) билан бирга Европа ва Марказий Осиё минтақасида иқтисодиёти энг тез ривожланаётган бешта давлат қаторига киради.

Минтақадаги ўсиш истиқболларига заифлашган жаҳон иқтисодиёти, қаттиқ пул-кредит сиёсати, Хитойда ўсиш суръатларининг секинлашиши ва хом ашё нархининг пасайиши салбий таъсир кўрсатмоқда.

Туркияда фискал консолидация ҳаракатлари ички талабни чеклаши кутилаётгани туфайли иқтисодий ўсиш 3 фоизгача секинлашиши мумкин (COVID-19 пандемиясидан ташқари 2009 йилдан бери энг паст кўрсаткич).

Жаҳон бозорида нефть нархининг паст даражаси Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидаги иқтисодий вазиятга таъсир қилади: жорий йилда ўсиш суръатлари 4,1 фоизгача пасайиши кутилмоқда, 2023 йилда эса улар 5,5 фоизни ташкил этади.