2024 йилнинг 26 февраль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судида судья Мусо Юсупов раислигида дори воситаси билан боғлиқ жиноят иши («Док-1 Макс» иши)ни кўриб чиқишнинг биринчи инстанция жараёни тугаб, 23 айбланувчига суд ҳукми эълон қилинган эди.

Ҳукмдан норози бўлган етти судланувчи судга апелляция шикоятини киритган. 5 апрель куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судида судья Музаффар Аҳмедов раисилигида апелляция шикоятларини кўриб чиқиш жараёни бошланган эди. «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, 15 апрель куни апелляция шикояти бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлди.

Судланувчилардан бирининг адвокати судга келмаганлиги сабабли судлов ҳайъати муҳокама қисмига ўтмади. Фақат иш бўйича биринчи инстанция суди ҳукми, апелляция шикоятларининг мазмуни ва аризалар ўқиб эшиттирилди.

Таъкидлаш лозимки, 5 апрель куни бошланган апелляция судида ҳиндистонлик судланувчи учун таржимон кўнгилдагидек таржима қилолмагани боис суд мажлиси қолдирилган. 15 апрель куни бўлган иккинчи мажлисда эса ҳиндистонлик судланувчининг адвокати келмади, шу боис муҳокама қисмига ўтилмади, бу ҳолат эса мажлисни кузатаётган жабрланувчиларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Апелляция шикояти киритган судланувчилар

  • Сингҳ Рагвендра Пратап — «Quramax Medical» МЧЖ директори лавозимида ишлаган,
  • Сардор Кариев — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК директори лавозимларида ишлаган,
  • Амирхон Азимов — «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган,
  • Нодирбек Мусаев — «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК директори ўринбосари, Фармакопея қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимларида ишлаган,
  • Шоюсуп Шодмонов — «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими вице-бошлиғи лавозимида ишлаган,
  • Шерзод Абдуғаниев — «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ директори ўринбосари лавозимида ишлаган,
  • Исломбек Мирзаёқубов — «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ Синов маркази раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган.

Суд тафсилотлари

Судья: Суд мажлисини давом эттирамиз. Сингҳ Рагвендра Пратапнинг адвокати Даврон Аҳмадов келмаган экан. Қолган ҳамма адвокатлар шу ерда. Агар эътирозлар бўлмаса, ҳозир кимга нима жазо тайинланганлиги ҳамда шикоят-важларини ўқиб эшиттирсак. Шунча одам келган, бу [галги суд мажлисини] ҳам битта адвокат келмади, деб қолдиришимиз [тўғри бўлмайди]. Кейинги сафар у [адвокат]дан важларни қўллаб-қувватлаши ҳақида сўрасак бўлади.

Адвокатлардан бири: Ҳурматли раислик қилувчи, [бу] тўғри деб ўйлайман, вақт тежаш мақсадида [шундай қилиш керак].

Судья: Шундай, бир ҳафтада бир марта бўляпти-да. Қолганларда ҳам эътирозлар йўқми? (жимлик — таҳр.). Оммавий ахборот воситаларидан ким келган? Келган, деб айтишди.

Таъкидлаш лозимки, «Док-1 Макс» иши бўйича апелляция судининг бошланиши ҳақида жамоатчиликка хабар берилмаган. ОАВ дастлабки апелляция судида иштирок этмаган. 9 апрель куни апелляция шикоятини кўриб чиқиш бошлангани ҳақида «Дарё» нашри ўз манбасидан хабар топгач, Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати билан боғланган ва шаҳар суди матбуот котиби апелляция шикоятини кўриб чиқиш бошланганини тасдиқлаб, кейинги суд 15 апрелда бўлиб ўтиши ҳақида маълумот берган.

Журналистлар: «Севимли» телеканали, «Газета.uz», «Дарё» интернет-нашрлари.

Судья: Битта нарса, фақат менинг рухсатим билан суд залида иштирок этасизлар. Олдинги сафарларда огоҳлантиргандим, судланувчиларни видео, расмга олишга йўл қўйилмайди. Чунки буларда ҳукм ҳали кучга кирмаган. Агар расм, видеога олиб чиқариш ҳолатлари бўлса, айбсизлик презумпцияси бўйича муносабат билдираман. Мен ОАВ ходимлари учун фақат иштирок этиш, ёритиб боришга рухсат бердим.

Шундан сўнг таржимон шахсига аниқлик киритилди. У нотўғри таржима қилганлик учун жиноий жавобгарлик билан огоҳлантирилиб, қасам-имзога қўл қўйди. Таржимон ўзининг ҳуқуқлари билан таниш эканини таъкидлади.

Судья: Иш бўйича янги адвокатлар қўшилган экан, Ходжаева, Имомов. Демак, сизларга суд таркибини эълон қиламан. Раислик этувчи судья Музаффар Аҳмедов бўламан, таянч судьялар Дилмурод Валиев, Фахриддин Халилов, котиб Давлат Олимов иштирокида. Прокурор Музаффар Комилов бу сафар келолмади, уларнинг ўринларига Тошкент шаҳар прокуратурасидан бўлим прокурори Улуғбек Муҳсинов иштирок этади. Суд таркибига раддиялар, эътирозлар йўқми? (жимлик — таҳр.). Тушунарли.

Олдинги сафарги мажлисда шахсларни аниқлаб, ҳамманинг ҳуқуқларини тушунтириб, суд терговини бошлаган эдик. Таржимонимиз таржима қилиб беролмаганлиги сабабли мажлис бошқа кунга қолдирилганди.

Судья апелляция шикояти киритган етти нафар судланувчиларга биринчи инстанция судида эълон қилинган ҳукмни ўқиб эшиттирди.

Судланувчи Сингҳ Рагвендра Пратап ва адвокати Даврон Аҳмадов томонидан киритилган апелляция шикояти

Адвокат Аҳмадов апелляция шикоятида суд ҳукмидан норозилиги, ҳукм ноқонуний ва асоссиз бўлгани, ҳимояси остидаги судланувчи Сингҳ Рагвендра Пратапнинг айбини исботловчи бирор бир объектив далилларсиз ҳукм чиқарилиб, унга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани, суд судланувчи Сингҳ Рагвендра Пратапнинг ҳуқуқлари қўпол бузилганлик ҳолатига эътибор бермагани, иш юзасидан зарар суммалари нотўғри ҳисоблангани, судланувчи Сингҳ Рагвендра Пратап томонидан давлат ва жамиятга етказилган зарарнинг ҳақиқий суммаси ва миқдори аниқланмагани, унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги, Сингҳ Рагвендра Пратапнинг айбловида қасд, ҳеч қандай мақсад ва мотив бўлмагани, чунки у жиноят содир қилмагани, «Док-1 Макс» дори воситаси таркибида аниқланган этиленгликоль моддасининг аниқланиши, «Док-1 Макс» ва болалар ўлими ўртасидаги сабабий боғланиш мавжудлиги тергов органининг айблов хулосасида ҳам, суд тергови давомида ҳам тасдиғини топмаганлигини, суд процессида давлат суд экспертлари Холмирзаев, Султонова ва бошқа барча экспертлар била туриб ёлғон кўрсатув бергани, иш юзасидан [олиб борилган] тадқиқот натижасига кўра, болалар ўлими ва сироплардан топилган этиленгликоль моддаси ўртасида умуман сабабий боғланиш йўқлиги ва бошқа важларни [келтириб] суд ҳукмини бекор қилиш, Сингҳ Рагвендра Пратапга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Судланувчи Сардор Кариев ва унинг адвокати Раҳматов томонидан киритилган апелляция шикояти

Адвокат улар суд ҳукмидан норозилиги, ҳимояси остидаги судланувчи Кариевга нисбатан айблов ҳукми чиқарилишида қонун талаблари ва Олий суд Пленуми қарорлари тушунтиришларига риоя қилинмагани, Кариевни оқловчи далиллар тўлиқ текширилмагани, ишдаги ҳолатларга тўғри ҳуқуқий баҳо берилмагани, судланувчи ва гувоҳларнинг бир-бирига қарама-қарши ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатувларига асосланиб ҳукм чиқарилгани, на дастлабки, на суд терговида Кариевни «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропи дори воситалари таркибида пропиленгликол ўрнига этилен ёхуд диэтиленгликол каби ёт моддалар бўлганлиги, гўёки бу ҳақида билган «Quramax Medical» МЧЖ директори Сингҳ билан тил бириктирганлиги ҳақида далиллар аниқланмагани, ҳимояси остидаги судланувчи Кариевни Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 4-қисми «а», «б» бандлари ҳамда 209-модда 2-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятларни қасддан содир этганлигини тасдиқловчи далиллар етарли бўлмагани сабаб биринчи инстанция ҳукмини асоссиз ҳисоблаб, суд ҳукмини бекор қилишни ва Кариевнинг иштирокида ушбу апелляция инстанциясида иши кўриб чиқилишини сўраган.

Судланувчи Амирхон Азимов ва унинг адвокати Ҳусанов томонидан киритилган апелляция шикояти

Унда Адвокат Ҳусанов ҳимояси остидаги Азимов айбини тан олмагани, айблов тўлиқлигича тахминларга асослангани, дастлабки тергов тўлиқ олиб борилмагани, Азимовнинг айбини инкор этувчи ва унинг важлари ўрганилмагани, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги, иш юзасидан пора предмети йўқлиги, суд томонидан Азимовга нисбатан жазо тайинлашда унинг содир этилган жиноятларда алоқаси йўқлиги, уни муқаддам судланмагани, оилавий аҳволи, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, оилада ягона боқувчи эканлиги инобатга олинмасдан асоссиз равишда узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганлигини кўрсатиб, Азимовга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли уни айбсиз деб топиб, реабилитация қилишни сўраган.

Судланувчи Шерзод Абдуғаниев томонидан киритилган апелляция шикояти

У шикоятида суд ҳукмидан норозилиги, дастлабки тергов ва суд тергови давомида текширув учун олинган дори воситаларидан қанча миқдорда ортиб қолингани, уларнинг аслида кимга тегишли экани, етказилган зарар миқдорига аниқлик киритилмагани, моддий қимматликлар эгаларининг даъвоси бор ёки йўқлиги ўрганилмагани, унинг ҳолатида жиддий зиён етказилганлик ҳолати умуман тасдиқланмагани ва бошқа важларни келтириб, апелляция шикоятини кўриб чиқиш ва суд ҳукмининг унга оид қисмини бекор қилиб, уни Жиноят-процессуал кодексининг 83-модда 2-бандига асосан оқлашни сўраган.

Судланувчи Шоюсуп Шодмонов ва унинг адвокати Менглиқулов томонидан киритилган апелляция шикояти

Шикоятда Адвокат Менглиқулов Шодмоновнинг ушбу жиноятдаги айби аниқлаштирилиши, айбли ҳаракатлари далиллар билан тасдиқланиши аниқ кўрсатилиши лозимлиги, иш юзасидан қарама-қаршиликлар бартараф қилинмагани, жиноят ишининг кўрилишида Шодмоновнинг айбли ижтимоий хавфли қилмиш содир қилгани ўз тасдиғини топмагани, суд иш бўйича тўпланган далилларга суд мажлисида текширилган ва суд мажлиси баённомасида ўз аксини топган далилларга асосланмасдан Шодмоновнинг айби ўз тасдиғини топмагани, суд тайинланган инспекцион текширувни бекор қилиш Давлат маркази рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи бўлган Шодмоновнинг ваколатига киритилмаганига эътибор қаратмагани ва бошқа важларни баён қилиб Жиноят кодекси, Олий суд Пленум қарорлари, процессуал қонун нормалари, инсонпарварлик ва одиллик принциплари талабларидан келиб чиқиб, суд ҳукмининг Шодмоновга оид қисмини бекор қилиб, уни Жиноят-процессуал кодекси 83-моддасининг 1-қисми, 3-бандига асосан оқлашни ва суд залидан озод қилишни сўраган.

Судланувчи Нодирбек Мусаев томонидан киритилган апелляция шикояти

Унда Мусаев суд ҳукми асоссиз ва адолатсиз чиқарилгани, иш юзасидан ҳеч қандай далиллар йўқлиги, унга қўйилган айбловдаги моддалар санкциясида энг оғир жазо 15 йил деб кўрсатилгани, аммо унга нисбатан 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси нотўғри тайинланган деб ҳисоблашини ва бошқа важларни баён қилиб, унга нисбатан унинг айби бўлмаганлиги сабабли оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Судланувчи Исломбек Мирзаёқубов томонидан киритилган апелляция шикояти

У шикоятда суд тергови давомида унга қўйилган айблов ўз исботини топмагани, иш юзасидан ҳеч қандай далиллар йўқлиги, давлат ва жамоат манфаатларига ҳеч қандай зарар етказилмагани, у дастлабки тергов ва суд тергови жараёнида ҳақиқатни яширмасдан кўрсатма бергани, унинг ҳаракатларида Жиноят кодекснинг 205-модда 2-қисми «а» банди 209-модда 2-қисми «а» банди билан нотўғри малакаланганини кўрсатиб, унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани, давлат ва жамоат манфаатларига зарар етмаганлиги ҳолатини инобатга олиб, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Судья: Бундан ташқари бир қанча аризалар келиб тушган. Тошкент шаҳри судининг раиси қабулига Сардор Кариевнинг оналари Мунира Жўраевна Кариева томонидан ариза берилган экан. Улар ўғли Кариевга нисбатан оғир жазо тайинланганини кўрсатиб, биринчи инстанция судида ўғли Кариевга нисбатан жазо тайинлаш қисмини бекор қилиб, жабрланувчиларга тўлаши керак бўлган маънавий зарар пулини уч йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш учун муддат бериб, унга нисбатан озодликдан маҳрум бўлмаган жазо тайинлаб беришни сўраган.

Муҳокамани адвокат [Аҳмадов] келгандан кейин қиламизми унда? (жимлик — таҳр.).

Адвокатлардан бири: Ҳурматли суд, Аҳмадов билан Telegram’дан уландим. Кейинга қолдиришди, деб айтаверайми?

Судья: Битта нарса — Telegram бу Telegram-да. Видеоконференцалоқа тартиби бўлса, муаммо йўқ эди. Telegram Жиноят процессуал-кодексида назарда тутилмаган-да. Эртага шу ҳам муаммо бўлиши мумкин. Шунинг учун суд мажлисини 22 апрелга қолдирамиз. Фақат сизлардан илтимос — ҳамма соат 10:30 дан кеч қолмай келсин. Кейинги сафар муҳокамага ўтиб, илтимосномалар, бошқалар бўлса, кўриб чиқаверамиз.

Судлов ҳайъати туриб кетаётганда залдаги жабрланувчилар уларни сўроққа тутди.

Жабрланувчилардан бири: Биз жабрланувчилар шундай келиб кетаверамизми?

Бошқа жабрланувчи: Нимага у адвокат суднинг ҳурматини қилмасдан судга келмади.

Судья: Шунинг учун кейинги сафар огоҳлантирамиз.

Жабрланувчи: Ўтган сафар ҳам шунақа бўлган.

Яна бошқа жабрланувчи: Биз шунча жойдан келиб-кетавермаймиз-ку! Унинг адвокатини алмаштириш керакми, чора кўринглар. Ўтган сафар ҳам шу муаммо бўлди. Узоқ вилоятлардан келганлар бор.

Судья: Сизлар Намангандан келяпсизларми? Агар овора бўлаётган бўлсангиз, Наманган вилоят судига борсангиз, видеоконференцалоқага улаб қўяверамиз.

Жабрланувчилардан бири: Ҳурматли судья, ўтган сафар таржимонни муаммо қилишди, бу сафар адвокати келмаган, олдинги сафарлардаги судларда русча гапираётганди, ҳеч қанақа таржимон керак бўлмаётганди-ку.

Судья: Битта нарса, чет эл фуқароси… (жабрланувчи судьянинг гапини бўлади — таҳр.).

Жабрланувчи: [Бунақа қолдиришдан] мақсад нима? Фақат чўзиб-чўзиб, «удалить» қилиб юборишми ёки бошқа нарсами? Тўғриси, аллақачон етиб келди-да.

Судья: Кейинги процессда нима эътирозингиз бўлса, айтинг, эшитамиз.

Жабрланувчи: Ҳозир ҳиндистонликнинг адвокати Telegram’дан чиқибди-ку.

Судья: Акажон (қўлидаги қалин Жиноят-процессуал кодексини кўрсатиб — таҳр.), мана бу қонун бўйича Telegram назарда тутилмаган, фақат видеоконференцалоқа дейилган. Мен Telegram’дан жараёнга улолмайман.

Шу билан дастлаб судлов ҳайъати, сўнг суд залига йиғилганлар зални тарк эта бошлади. Улар орасида Сурхондарё, Наманган, Жиззах вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳридан тўрт жабрланувчи ҳам бор эди. Жабрланувчилар журналистлар билан суҳбатда ҳар бир суд мажлисида қатнашиш ниятида эканликларини, вилоятлардан келиб қатнаш камида 500 минг сўмга тушаётганини маълум қилди ва жараён турли сабаблар билан кечиктирилаётганидан норозилигини билдирди.