Март ойида Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси февралга нисбатан ўзгаришсиз қолиб, 12,7 фоизни ташкил этди. Бу Марказий банк эълон қилган инфографикада қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, мартда йиллик инфляция 7,89 фоизгача секинлашганди (бу 2016 йил майдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади). Шу тариқа, ой давомида сезилган ва расмий инфляция ўртасидаги тавофут 4,8 фоизни ташкил этди.

Сезилган инфляция даражасининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (17,2 фоиз) ва Фарғона вилоятида (15,3 фоиз) қайд этилди. Энг паст кўрсаткичлар эса Қорақалроғистон Республикаси (9,3 фоиз) ҳамда Жиззах вилоятида (10,1 фоиз) кузатилди.

Инфографика: Марказий банкИнфографика: Марказий банк

Респондентлар ой давомида энг кўп ёнилғи ва мева-сабзавотлар нархи ошганини сезган. Лекин бензин ва бошқа ёнилғи маҳсулотлари нархи ошганини биринчи бўлиб санаган сўровнома иштирокчилари улуши февраль ойидагига нисбатан сезиларли камайган (51 фоиздан 43 фоизгача).

Шунингдек, шакар ва қандолат маҳсулотлари нархи ошганини сезган респондентлар улушида сезиларли ўсиш қайд этилган (14 фоиздан 18 фоизгача).

сезилган инфляция

Даромадга эга бўлмаганлар (13,3 фоиз) ва даромади 7 млн сўмдан юқори бўлган (19,3 фоиз) аҳоли гуруҳлари сезган инфляция даражаси нисбатан юқори шаклланди.

сезилган инфляция

Расмий даражадан юқори инфляцияни сезган респондентлар улуши Тошкент шаҳрида энг юқори (75 фоиз), Қорақалпоғистон Республикасида энг паст бўлиб турибди (44 фоиз).

сезилган инфляция