2024 йил март ойида Ўзбекистонда 0,7 фоизлик инфляция қайд этилди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида келтирилади.

Йиллик ҳисобдаги инфляция 7,89 фоизгача секинлашди, бу — 2016 йил май ойидан буён энг паст кўрсаткич (2016 йил май ойида 7,7 фоиз).

Март ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,8 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5 фоизга, хизматлар нархи эса 0,7 фоизга ошди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, ой давомида суякли мол гўшти (0,2 фоиз; ноябрдан бери кетма-кет пасайиш кузатилмоқда), қўй гўшти (0,1 фоиз), тухум (2,3 фоиз), кунгабоқар ёғи (1,1 фоиз) нархининг пасайиши кузатилди. Гуруч (0,9 фоиз), буғдой уни (0,9 фоиз), янги соғилган сут (2,6 фоиз), шакар (1,9 фоиз) нархлари эса кўтарилди.

Охирги ойда мева-сабзавот маҳсулотлари орасида булғор қалампири 23,9 фоизга, карам 8 фоизга, помидор 5,3 фоизга, лимон 4,9 фоизга, бақлажон 4,7 фоизга қимматлашди. Апельсин 5,1 фоизга, банан 4,6 фоизга арзонлади.

Март ойида алкоголли ичимликлар нархи 0,8 фоизга, тамаки маҳсулотлариники 0,5 фоизга кўтарилди.

Ўтган ойда Жиззах вилоятида маиший чиқинди учун тўлов қийматида ўсиш кузатилиб, мазкур хизмат турининг республика бўйича қисқа муддатли инфляцияси 2,5 фоизни ташкил этди. Эслатиб ўтамиз, маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўлов 2024 йил февраль ойида республика бўйича ўртача 9,4 фоизга (январь ва февраль ойларида — 29,2 фоизга) ошганди. Умумий ҳисобда, ўтган йилнинг мартига нисбатан республика бўйича чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун тўлов қиймати деярли 1,5 баравар (49,4 фоиз) ошди.

Совуқ сув ва канализация бўйича республикада ўртача нархлар ой давомида 3,5 фоизга, йил бошидан буён 5,2 фоизга, ўтган йилнинг март ойига нисбатан 73,5 фоизга кўтарилган.

Ўтган ойда тиббий лаборатория хизматлари нархи 3,4 фоизга, дори воситалариники эса 2,2 фоизга қимматлашди.

Темирйўл транспорти хизматлари нархида кузатиладиган йўналишлар бўйича узоқ масофага қатнайдиган поездлар чиптаси нархларининг ошиши ҳисобига ўсиш кузатилди. Халқаро йўналишда кузатиладиган авиаташувлар ой давомида ўртача 2,9 фоизга, ички йўналишда 1,8 фоизга қимматлашди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, март ойида бензин нархи 0,1 фоизга (йил бошидан бери 4,6 фоизга, ўтган йил март ойига нисбатан 125,2 фоизга) қимматлади, метан нархи ўзгармади (йил давомида +19,3 фоиз). Пропан нархи ой давомида 3,3 фоизга арзонлашди (йил бошидан ҳисоблаганда 2,8 фоизга, ўтган йилнинг мартига нисбатан эса 12,4 фоизга қимматлашган).