Фарғона вилоятида аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш, хусусан, жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш мақсадида 20 дона Isuzu HC 45 русумли автобус харид қилинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур транспорт воситалари «Бекавтойўловчитранс» МЧЖ томонидан Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган.

Улар тез орада Қўқон шаҳри автобус йўналишларида аҳолига хизмат кўрсатишни бошлайди, дейилади хабарда. Бу турдаги автобуслар 39 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, ўриндиқлар сони 18 тани ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 мартдан президент қарори билан ногиронлиги бўлган шахслар учун мос бўлмаган шаҳар йўловчи автомашиналарини харид қилиш тақиқланган.

Наврўз Ашурматовнинг «Газета.uz»га тушунтиришича, бу талаб ўз кучида, лекин вилоятларни биринчи навбатда жамоат транспорти, жумладан, автобуслар билан таъминлаб олиш керак.

«Оддий автобус етиб бормаган ҳудудлар кўп. Вилоятларда, Тошкентдагидан фарқли равишда, тадбиркорлар шуғулланади бу иш билан. Агар ҳозир уларга мана шу талабларни ҳам қўйсак, шу натижа ҳам бўлмаслиги мумкин. Талабни ҳам автобуслар етиб боргач, навбати билан амалга оширамиз. Тендерларда агар кимдир low-floor автобусларини таклиф қилса, унга устуворлик берилади», — деди у.