Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни «Марказий Осиё — Кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» мулоқоти мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашувида иштирок этиш учун Тошкентга келган хорижий делегациялар раҳбарларини қабул қилди. Бу ТИВ раҳбарларининг ушбу форматдаги иккинчи учрашуви ҳисобланади.

Қатар бош вазири ва ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний билан икки томонлама ҳамкорликни, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Шавкат Мирзиёев сиёсий мулоқот жадал тус олгани, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми фаол ошаётганини таъкидлади. Октябрь ойида Ўзбекистонда Қатар маданияти ҳафталиги бўлиб ўтади.

Қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини тезроқ яратиш муҳимлиги қайд этилди. Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон раҳбари ва Қатар бош вазири минтақавий муаммолар, жумладан, Яқин Шарқдаги вазиятнинг жиддий кескинлашуви юзасидан ҳам фикр алмашди.

Сўнг Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудни қабул қилди. Ўзбекистон-Саудия Арабистони муносабатлари ва кенг кўламли шериклик муносабатларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди, ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони ошиб бораётгани қайд этилди.

Саудия Арабистони билан «яшил» энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, IT ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Томонлар бўлажак тадбирларга, жумладан, 2025 йилда «Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» мулоқотининг иккинчи саммитига пухта тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратди.

Бундан ташқари, минтақавий кун тартибидаги бошқа масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият ва Фаластин муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди.

Президент Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни ҳам қабул қилди. Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва чуқурлашган стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўсаётгани ва «Шовот-Тошовуз» савдо зонаси ташкил этилаётганини қайд этди. Саноат кооперацияси, энергетика, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик давом этмоқда.

Томонлар бўлажак саммит учрашувларига тайёргарлик кўриш доирасида кўп қиррали ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантиришга эътибор қаратди.

Шавкат Мирзиёев Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги салоҳиятни самарали амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган қўшма инвестиция компаниясининг лойиҳалар портфелини кенгайтириш муҳим экани қайд этилди.

Банк секторини ривожлантириш, рақамли технологиялар, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим каби устувор йўналишларда янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Томонлар алоқаларни фаоллаштириш, сиёсий маслаҳатлашувлар, ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, бизнес форумлари ва кўргазмаларни мунтазам ўтказиш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Кувайт ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё билан сиёсий мулоқотни давом эттириш ва савдо-иқтисодий, молия-инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзаро ташрифларни фаоллаштириш, маданий ва туризм алмашинувларига оид дастурларни амалга ошириш, етакчи компаниялар иштирокида, шу жумладан, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди билан яқин ҳамкорлик доирасида ҳамда Кувайт инвестиция агентлиги билан самарали шерикликни йўлга қўйиш орқали устувор тармоқлардаги инвестиция лойиҳаларини илгари суриш зарурлиги қайд этилди.

Яқин фурсатда икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувлар, қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ва бизнес форумини ўтказиш муҳим экани таъкидланди.

Президент Баҳрайн Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид ал-Заяний бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Мулоқотда томонлар кўп қиррали шерикликни ривожлантириш ва кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.

Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ҳамда сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини тез фурсатда ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, банк-молия, автомобиль ва темирйўллар қурилиши, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва бошқа устувор йўналишлардаги дастур ва лойиҳаларни илгари суриш учун катта салоҳият ва кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Шу мақсадда жорий йилда қўшма ҳукуматлараро қўмитанинг илк йиғилишини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ва Баҳрайн етакчи компаниялари вакиллари иштирокида ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш режалаштирилган.

Халқаро кун тартиби, шу жумладан, хавфсизликка замонавий таҳдидларга қарши курашиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий билан устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиқди.

Томонлар кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги даражасини ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бораётганини қайд этди. Ўзбекистонда Амирликлар сармояси иштирокида 300 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард доллардан ошган.

«Яшил» энергетика, металлургия, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва коммуникация каби тармоқларда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.

Трансафғон темирйўлининг техник лойиҳасини тайёрлаш ва қурилишини бошлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамовни ҳам қабул қилиб, у билан стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ҳамда ҳамкорликнинг 10 та янги йўналиши бўйича истиқболли лойиҳалар портфелини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар мунтазам ва самарали мулоқотлар туфайли икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага чиққанини қайд этди.