12 апрель куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида Аctivist лойиҳаси муаллифи, блогер Ҳожиакбар Носиров бошқарувида бўлган BYD автомобили йўл-транспорт ҳодисасига учради.

Блогернинг сўзларига кўра, у 61 км/соат тезликда кетаётганида орқасидан бир йўналишдаги Monza юқори тезликда унинг машинасига урилган. Ҳожиакбар Носировнинг ўзига жароҳат етмаган, машина техник шикастланган.

Тошкент шаҳри Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг маълум қилишича, соат 22:20 атрофида Янги Ўзбекистон кўчасида 19 ёшли ҳайдовчи И.Қ. бошқарувидаги Monza, 27 ёшли Ҳожиакбар Носиров бошқарувидаги BYD ва 31 ёшли А.А. бошқарувида бўлган Cobalt автомашиналари тўқнашган.

ЙТҲ оқибатида тан жароҳат олганлар йўқ. Ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.