Андижонда қиймати 42 млрд сўмлик асфальтобетон қилинадиган йўл қурилиши лойиҳасини тадбиркорга олиб бермоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда маълум бўлди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ).

Аниқланишича, Андижон туманида яшовчи фуқаро Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи шахс билан келишиб, йўл қурилиши соҳасида фаолият юритувчи тадбиркор ишончига кирган.

Улар юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали, тадбиркорга Асака туманидаги «4Р-112» автомобиль йўлининг 4 км қисмига асфальтобетон қопламасини ётқизиш бўйича лойиҳани олиб беришни ваъда қилган.

Бунинг эвазига лойиҳа учун ажратиладиган 42 млрд сўмнинг 10 фоизини (4,2 млрд сўм) беришни сўраган.

ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари шахслардан бирини сўралган пулдан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 28,211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.