Жиззах вилоятидаги 10 та маданий мерос объектида «туризм ҳалқаси» яратилади. Бу ҳақда 9 апрель куни Шавкат Мирзиёев раислигида вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Туризмни ривожлантириш учун, жумладан, Айдар-Арнасой кўллари тизимида сайёҳлар учун шароит яратилади. Уни рўёбга чиқариш мақсадида ҳукумат комиссияси тузилади. «Туризм ҳалқаси» ташкил қилинган маданий масканларга элтувчи йўллар таъмирланади.

Қайд этилишича, халқаро М-39 йўлининг вилоят ҳудудидан ўтган 98 километр қисмидан кунига 40 минг автомобиль қатнайди. Бу йўлнинг четида бўш турган 4 гектар ерлар тадбиркорларга таклиф қилинса, 20 минг аҳолини доимий банд қилиш мумкин, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

2024 йилнинг январь ойида Ўзбекистоннинг тўққизта ҳудуди, жумладан, Жиззахнинг Зомин туманида йирик туризм маркази қурилиши ҳақида хабар берилганди.